Хитойнинг Гуандун провинцияси, Шенчжен шаҳрида «Huawei ICT Competition 2024-2025» халқаро мусобақасининг якуний финал босқичи бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик «Voltа» талабалар жамоаси иштирок этиб, учинчи ўринни қўлга киритди.
Маълум қилинишича, мусобақа уч босқич — миллий, минтақавий ва глобал тизим асосида ташкил этилган бўлиб, унда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 2000 та олий таълим муассасаларидан жами 960 мингдан ортиқ талаба қатнашган.
«Voltа» жамоаси «Инновациялар танлови» номинациясида кундалик ҳаётдаги муаммоларни аниқлаб, сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш ва катта маълумотлар технологияларидан фойдаланиб, ижтимоий ва тижорий қийматга эга функционал ечимларни тақдим этган.
Финал босқичида иштирок этган Хитой, Германия, Туркия, Полша, Аргентина, Қатар ва бошқа давлатлар жамоалари орасида Тошкент ахборот-технологиялари университетининг «Voltа» жамоасининг тақдимоти ташкилотчилари томонидан юқори баҳоланди ва улар учинчи ўринга лойиқ кўрилган.

