2025/2026 ўқув йилидан Ал Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилади. Мактаб битирувчиларига шаҳодатнома ва хорижий олийгоҳларга кириш имконини берувчи халқаро таълим дастури дипломи берилади. Қолаверса, уларнинг хорижда ўқиши учун квоталар ажратилади.
Шавкат Мирзиёевнинг «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш тўғрисидаги фармони билан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Ал Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатни ташкил этилади.
Мактабда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланиб, унда таълим жараёни вариатив ўқув режаларасосида амалга оширилади ҳамда ўқувчилар инглиз тилидан ташқари камида яна битта қўшимча хорижий тилга ўқитилади.
Муассасада давлат буджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчиларнинг умумий чекланган сони 180 нафарни ташкил этади. Ўқувчиларга илмий-тадқиқот ва инновацион стартап лойиҳалар ҳамда бошқа ижтимоий лойиҳалар бўйича ўзининг портфолиосини шакллантиришга кўмак берилади.
Ўқувчилар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилиб, 1 нафар маслаҳатчи ва педагогга тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативига мутаносиб равишда 1:15 ва 1:8 нисбатлар қўлланади.
Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома) билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш имконини берувчи халқаро таълим дастури дипломи (Интернатионал Баccалауреате) берилади.
Бундан ташқари, мактабнинг айрим 10-синф ўқувчиларига қуйидаги имкониятлар берилади:
– дунёнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув дастурларида ҳар йили 1 маротаба қатнашиш
– халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 100 та олий таълим ташкилотлари рўйхатидан жой олган хорижий олий таълим ташкилотларида таълим олиш харажатларини белгиланган тартибда қоплаш.
Фармонга кўра, 2027 йилдан ҳар йили «Ёрқин истеъдод» лойиҳасини амалга ошириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан мактаб битирувчиларининг хорижий таълим ташкилотларида таълим олиши учун 200 тадан квота ажратилади.
Квота халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 100 та олий таълим ташкилотлари рўйхатидаги ташкилотларга камида 50 фоизлик грант асосида ўқишга қабул қилинган мактаб битирувчиларига берилади.
Квота талабларига жавоб берадиган мактаб битирувчилари сони 200 нафардан кам бўлган тақдирда, ўқишга юбориш бўйича танлов ўтказилмайди.
