2025 йилда БАА, Хитой ва Эстония каби мамлакатлар таълим соҳасида сунъий интеллект (АI) технологияларини кенг жорий этиш бўйича муҳим ташаббусларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда Jarayon.uz манбага таяниб хабар берди.
Унга кўра, БАА жорий йилнинг баҳор ойидан бошлаб 4 ёшли болалар учун сунъий интеллект (СИ) асослари бўйича махсус ўқув дастурини жорий қилган. Ушбу дастур мактабгача таълим муассасаларида СИ этикаси, визуал кодлаш, чатботлар билан ишлаш ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Хусусан, ўқитувчилар учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилган. Мамлакат ҳукумати 2030 йилгача СИ соҳасида 100 минг мутахассис тайёрлашни мақсад қилган.
Хитой пойтахти Пекин эса 2025 йил март ойидан бошлаб барча мактабларда СИ дарсларини мажбурий қилгани маълум бўлган. Бошланғич синфлардан бошланган бу лойиҳа йилига камида 8 соат СИ бўйича машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бу орқали ўқувчилар дастурлаш, СИ иловалари яратиш, юзни аниқлаш ва овозли ёрдамчилар тайёрлаш каби кўникмаларни эгаллайди. Шунингдек, СИ ёрдамида баҳолаш тизимлари ҳам жорий этилган. Бу ташаббус ёшларни рақамли иқтисодиётга тайёрлашга хизмат қилади.
Эстония эса 2025 йил бошида «AI Leap» номли янги таълим платформасини ишга туширди. Ташаббус 16–17 ёшдаги 3 мингдан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчиларни қамраб олади. «OpenAI» ва «Anthropic» компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур ўқувчиларга СИ ёрдамида матн, расм, овоз ва дастурий код яратишни ўргатади.
Ҳар бир иштирокчига «AI Portfolio» яратилиб, у орқали ўқувчилар ўз ишларини университетлар ва иш берувчиларга тақдим эта олади. Эстония ҳукумати ушбу портфолиони олий таълимга киришда имтиёз сифатида қабул қилишни режалаштирмоқда.
Шу тариқа, БАА, Хитой ва Эстония таълим тизимида сунъий интеллектни ёш авлодга чуқур сингдириш орқали келажак рақамли иқтисодиётига тайёрлашда етакчи мамлакатларга айланишга интилмоқда.
