Савол:
56 кун йиллик узайтирилган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга бўлган 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бўлган педагог ходим яна қўшимча 4 календарь кунлик таътилни олишга ҳақлими?
Жавоб:
Меҳнат кодексининг 401-моддасига кўра, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Шунингдек, 236-моддага кўра, ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллардир.
Шу кодекснинг 222-моддасига биноан эса ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади.
Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун эллик олти календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас.
Яъни кодекснинг 222-моддаси ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларни жамлаш тартибини белгилаб беради, ижтимоий таътилларга эса алоқаси йўқ.
Хулоса қилиб айтганда, 56 кун йиллик узайтирилган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга бўлган 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бўлган педагог ходим яна қўшимча 4 календарь кунлик таътилни олишга ҳақли.
Манба: Xalq taʼlim info
