Айрим талабаларга контракт тўловини тўлашга ёрдам берилади

Айрим талабаларга контракт тўловини тўлашга ёрдам берилади

Эндиликда Ўзбекистонда 17 ёшдан 23 ёшгача бўлган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга олийгоҳлардаги контракт тўловларининг бир қисми тўлаб берилади. Ушбу ижтимоий ёрдам шаклидаги дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 майдаги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ушбу ёрдам пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари (9 млн 373 минг сўм) миқдорида ажратилади ва олий таълим ташкилотига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган, ҳамда ота-она қарамоғисиз қолган талабаларга берилади.

 

Имтиёз қуйидаги тоифадаги ёшларга тааллуқлидир:

– Ҳомийликка олинган ёки фостер оилага жойлаштирилганлар,

– «СОС – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» тарбияланувчилари,

– Меҳрибонлик уйларининг битирувчилари,

– Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда кичик ҳажмли болалар уйлари тарбияланувчилари.

Контракт тўлови фақат кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган давлат олий таълим муассасалари учун тўлаб берилади. Талабанинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғи ва контракт шартномаси асосий ҳужжатлар сифатида тақдим этилиши лозим.

 

Ушбу ёрдам пули олий таълим ташкилотида тўлов-контракт асосида таълим олиш тўғрисидаги икки томонлама шартнома асосида ўқишни тугатгунга қадар икки маротаба берилади.

 

Шунингдек, истисно тариқасида, ота-онаси узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган ва кам таъминланган оилалар реэстрига киритилган болаларга ҳам ушбу ёрдам кўрсатилиши мумкин.