Google компанияси Google Labs доирасида яратилган экспериментал восита — Little Language Lessons (Кичик тил дарслари)ни тақдим этди.
Ушбу восита сунъий интеллект (СИ) томонидан яратилган дарсларни таклиф қилади. У машҳур платформалар, масалан, Duolingo нинг тўлиқ ўрнини боса олмасада, Googleʼнинг шахсийлаштирилган ва генератив СИ асосидаги мослашувчан таълимга бўлган қизиқишини яққол намоён этади.
Анъанавий тил ўргатувчи иловалардан фарқли ўлароқ, Little Language Lessons алоҳида мобил илова эмас — у браузерда ишлайди ва Googleʼнинг экспериментал лойиҳа майдончаси доирасида тақдим этилади. Фойдаланувчилар унга кириш учун ўз Google аккаунтларига киришлари ҳамда сунъий интеллектнинг экспериментал табиати (масалан, хатоликлар эҳтимоли) ҳақидаги огоҳлантиришларга розилик беришлари талаб этилади — бу генератив воситалар учун одатий огоҳлантириш ҳисобланади.
Ҳозирда Google 22 тилни, шунингдек, минтақавий вариантларни (масалан, француз тилининг айрим шакллари ёки инглиз, испан ва португал тилларининг турли версиялари) қўллаб-қувватламоқда. Платформага кирган фойдаланувчилар тил материаллари билан ўзаро алоқада бўлишнинг уч хил усулини таклиф қилувчи «эксперимент» ларни синаб кўришлари мумкин.
1. Тiny Lesson
Бу бўлимда фойдаланувчи «овқат буюртма қилиш», «таксида юриш» ёки «биринчи учрашув» каби аниқ бир мавзу ёки мақсадни танлайди ва шу контекстга мос луғат, фойдали иборалар ҳамда грамматик тавсияларни олади.
Дарслар фойдаланувчининг эҳтиёжига кўра созланиши мумкин ва талаффуз бўйича йўриқномаларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу функциялар саёҳатчилар ёки муайян реал вазиятларда тил ёрдамига муҳтож бўлганлар учун айни муддао бўлиши мумкин.
2. Slang Hang
Бу эксперимент норасмий тил ва минтақавий ибораларни ўрганишга қаратилган. Фойдаланувчи тилни танлагач, СИ томонидан яратилган қисқа суҳбатлар орқали сленг ибораларнинг табиий ишлатилишини кузатади.
Ҳозирча функционаллик тил турлари бўйича чекланган бўлсада, у тилни маданий контекстда чуқурроқ ўрганишга замин яратади — бу эса кўплаб анъанавий дарсликлар ёки иловалар етарлича тақдим эта олмайдиган жиҳатдир.
3. Word Sam
Ушбу функция платформага визуал элементни олиб киради. Фойдаланувчи қурилмаси орқали суратга туширади, сунъий интеллект эса расмда аниқланган объектларни танланган тилга таржима қилади ёки номлайди. Ҳар бир сўз устига босилганда унинг талаффузи, таърифи ва қўлланиш мисоллари берилади.
Бу луғатни реал визуал тасвирлар билан боғлашнинг ақлли ва самарали усулидир. Ҳозирда бундай ёндашувни кам сонли тил ўргатувчи иловалар таклиф қилмоқда.
Google Little Language Lessons ни тўлиқ Дуолинго рақиби сифатида эмас, балки тил ўрганишга мўлжалланган янги восита сифатида кўриб чиқмоқда. Бироқ, функционал жиҳатдан ўхшашликлар мавжуд. Дуолинго ўйинлаштирилган, босқичма-босқич ўрганиш йўлини таклиф этса, Googleʼнинг ёндашуви эркинроқ бўлиб, аниқ вазиятларга ва табиий мулоқотга йўналтирилган.
Шу билан бирга, Дуолингўда дарслар инсонлар томонидан текширилса, Googleʼнинг воситасида бундай назорат йўқ — бу эса тилни эндигина ўрганаётган фойдаланувчилар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Очиқ ва эркин ёндашув эса ўрганувчидан мустақиллик ва фаол иштирокни талаб қилади.
Фотосурат асосидаги луғат, реал вазиятларга мослаштирилган дарслар ҳамда сленг генератори — булар сунъий интеллект даврида тил ўрганишга бўлган янги ёндашувни ифодалайди.


