Турли сабабларга кўра ўз вақтида умумий ўрта таълим олмаган (мактабни тамомламаган) фуқароларнинг экстернат тартибида якуний аттестацияларни топшириш учун ариза бериш муддати my.gov.uz портали орқали 1 майга (шу куни ҳам) қадар давом этади.
Фуқароларнинг умумий ўрта таълим олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида турли сабабларга кўра умумий ўрта таълимни тугатмаган фуқароларга экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш имконияти берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ:
– экстернат тартибида якуний давлат аттестациясида иштирок этиш учун аризалар жорий йилнинг 1 мартидан 1 майига қадар (шу куни ҳам) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Ариза бериш учун мактаб ёки ҳудудий бўлимларга бориш шарт эмас. Мазкур давлат хизмати бепул амалга оширилади.
Бу муҳим! Фуқаролар ҳозирда доимий (ёки вақтинчалик) яшаётган ҳудуддаги экстернат мактабга онлайн ариза юборишлари мумкин. Ҳозирга қадар экстернат тартибидаги имтиҳонларда иштирок этиш учун 4 637 нафар фуқаро ариза топширган.
