Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи чорагида таълим соҳасидаги ўртача номинал иш ҳақи 4 миллион сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 27 апрель куни эълон қилган сўнгги маълумотларда қайд этилган.
Жорий йилнинг январь март ойларида таълим соҳасида ўртача ойлик маош 4 млн 44 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17,7 фоизга ўсган.
Айтиш жоизки, таълим соҳаси ички тузилмаси бўйича иш ҳақлари кескин фарқ қилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларида бу кўрсаткич 9 млн 591,7 минг сўмга етган бўлса, умумий ўрта таълимда ўртача иш ҳақи 3 млн 970,4 минг сўмни ташкил этди.
Мактабгача таълим соҳасида бу кўрсаткич анча паст — 2 млн 164,3 минг сўм.
Маълумот учун, республика бўйича 2025 йил 1-чорагида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 796,1 минг сўмни ташкил этган. Энг юқори маошлар ахборот ва алоқа (14,8 млн сўм) ҳамда банк-молия (15,8 млн сўм) соҳаларида қайд этилди.
2025 йил январь март ойларида Ўзбекистон бўйича умумий ўртача ойлик маош 5 млн 796,1 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич билан таълим соҳаси ўртача кўрсаткичдан дан қарийб 1,75 млн сўм кам дегани.
Сўнгги 5 йиллик трендлар шуни кўрсатмоқдаки, таълим соҳаси ўсишда давом этмоқда:
2021 йилда: 2 млн 040,6 минг сўм;
2022 йилда: 2 млн 242,6 минг сўм;
2023 йилда: 2 млн 883,3 минг сўм;
2024 йилда: 3 млн 572,9 минг сўм;
2025 йилда: 4 млн 044,2 минг сўм.
Таъкидлаш лозим, 2025 йилнинг биринчи чорагида энг юқори ўртача иш ҳақи қайд этилган йўналишлар, хусусан, саноатда ўртача маош 6 миллион 923 минг сўм, қурилишда 6 миллион 13 минг сўм, савдо соҳасида эса 6 миллион 521 минг сўмни ташкил этди.
Айни вақтда, энг паст иш ҳақи қайд этилган соҳалар қаторида таълим (4 миллион 44 минг сўм), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 миллион 626 минг сўм) ҳамда санъат, кўнгилочар ва дам олиш хизматлари (4 миллион 831 минг сўм) бўлди.
