Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра:
– Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади;
– Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари
— Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозими жорий этилади.
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич қуйидагилар амалга оширилади:
– Университетнинг бошқарув тизими Янги Ўзбекистон университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади;
– Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилиб, юридик шахс бўлмаган 6 та педагогика олий мактаби ташкил этилади;
– Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этилади;
– хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Университет ва педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган таълим йўналишларида дарс бериш учун профессор-ўқитувчиларни танлаб олиш тизими жорий этилади.
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш фақат кундузги ва кечки таълим шакли бўйича ташкил этилиб, сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди. Олий педагогик таълим йўналишида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хулосаси асосида амалга оширилади.
2026-2027-ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида Университетга равишда бошқарув тизими такомиллаштирилади ва халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этиб борилади.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностика қилиш тизими жорий этилади. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида «Госпиталь педагогика» магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
