Бухоро давлат тиббиёт институтини 2024 йилда битирган бир гуруҳ ҳиндистонлик ёшлар шифокорлик фаолияти юритиш учун рухсатнома олиш бўйича миллий имтиҳондан муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
2024 йилда Ҳиндистоннинг Телангана штатидан 150 нафар ўғил ва қиз Бухоро давлат тиббиёт институтини тамомлаган эди. Улардан қарийб 80 фоизи биринчи уринишдаёқ миллий имтиҳонни муваффақиятли топширган.
Ҳиндистонда ўрнатилган тартибга кўра, чет давлатлардаги тиббиёт олий ўқув юртларини битирган барча ёш мутахассислар Ҳиндистон Тиббиёт кенгашининг малака имтиҳонидан (Foreign Medical Graduates Examination – FMGE) ўтиши керак. Мамлакатдаги энг мураккаб имтиҳонлардан бирининг натижалари тиббиёт соҳасида фаолият юритиш учун рухсат олиш ҳуқуқини беради.
«Бухоро давлат тиббиёт институтида сифатли билим олишимиз учун қулай имкониятлар тақдим этилди. Ўқув жараёни халқаро талаблар даражасида ташкил этилди. Биз Ўзбекистон ва Ҳиндистонда нашр этилган дарсликлар асосида таълим олдик. Назарий билимларимизни тиббиёт муассасаларидаги амалиёт ҳамда институт ўқув симуляция марказидаги машғулотлар давомида бойитиб бордик. Бугун мен амалий фаолият юритишим учун сертификатни қўлга киритиб турганимдан бахтиёрман, – деди институт битирувчиси Чаришма Парла (Ҳиндистон).
Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистондаги давлат тиббиёт институтларини танлашига сабаб, хорижликлар учун таълим бериш инглиз тилида олиб борилишидир. Ўзбекистон институтлари Ҳиндистон бўйлаб тавсия этилган олий тиббиёт билим юртлари рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон элчихонаси ва Бухоро давлат тиббиёт институти вакиллари Телангана штати маъмурий маркази – Ҳайдаробод шаҳрида малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтганлик тўғрисидаги сертификатларни топширишга бағишланган тадбирда иштирок этган. Институт ректори Шуҳрат Тешаев ва бошқалар ҳиндистонлик ёшларни касб фаолияти билан шуғулланиш учун миллий сертификат олгани билан табриклаган.
