2025-йил 7-март куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида юк машинаси 2-синф ўқувчисини уриб юборган.
Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, 8 ёшли қиз мактабдан чиқиб, йўлни кесиб ўтаётганида 1992-йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинаси уни уриб кетган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган қиз шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат юзасидан масъуллар ҳодиса содир бўлган «Дарбанд» маҳалласида бўлиб, бир қатор ишларни амалга оширилган. Ҳудудда йўл инфратузилмаси, пиёдалар ўтиш жойлари билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, шу куннинг ўзида амалий ишлар олиб борилган.
Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, мактаб яқинидаги пиёдалар ўтиш жойи қавариқ (кўтарма) қилиб қайта таъмирланади.
Маълум қилинишича, марҳума ўқиган мактаб жойлашган маҳаллада ота-оналар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, уларга вояга етмаган фарзандларини доим назорат қилишлари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Хабарда ҳайдовчи қўлга олингани ҳақида маълумот йўқ.

