Ўзбекистонлик ўқувчилар математика бўйича халқаро олимпиада ғолиби бўлди

Ўзбекистонлик ўқувчилар математика бўйича халқаро олимпиада ғолиби бўлди

Малайзия пойтахтида математика бўйича ўтказилган Жануби-Шарқий Осиё олимпиадасида (CEAMO 2025) ўзбекистонлик 17 нафар мактаб ўқувчиси медалларни қўлга киритди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ёшлар 1 та олтин, 3 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритган.

Бу йилги олимпиадада 23 мамлакатдан 1800 нафар ўқувчи иштирок этиб, турли ёш тоифаларида ўз билимларини намойиш этган.

Миллий саралаш босқичида Ўзбекистондан 1000 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди, улардан 60 нафари халқаро босқичга йўлланмани қўлга киритган.

Олимпиада ғолибларига халқаро дипломлар топширилди. Бу уларга нуфузли олий ўқув юртларига кириш, стипендиялар ва таълим имтиёзларини қўлга киритиш ҳуқуқини беради.

Жануби-Шарқий Осиё математика олимпиадаси (CEAMO) Сингапурнинг Терри Чю академияси томонидан ташкил этилган. Ушбу олимпиада орқали ўқувчиларнинг математика фани бўйича билим ва саводхонлиги текширилади.

Ушбу нуфузли халқаро танловда Австралия, АҚШ, Сингапур, Индонезия, Япония, Хитой, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари мунтазам иштирок этиб келмоқда.