Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 7 февралдаги 32-сонли буйруғи билан ўқитувчилар иш тажрибасини оммалаштиришнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.
2025 йил 1 март санасидан бошлаб такомиллаштирилган тартиб асосида ommalashtirish.uz платформаси орқали методик ишларни қабул қилиш жараёнлари бошланди.
Янги тартиб бўйича оммалаштириш жараёни қай тартибда амалга оширилади?
Эндиликда оммалаштириш учун тавсия этилган илғор иш тажрибалар методик қўлланма ёки методик тавсия кўринишда бўлиши керак. Методик қўлланма ёки методик тавсия кўринишида бўлмаган ҳамда ўтган йиллар давомида оммалаштирилган методик ишлар ўрганилмайди.
Методик ишлар қуйидаги босқичларда оммалаштирилади:
– мактаб миқёсида;
– туман (шаҳар) миқёсида;
– вилоят миқёсида;
– республика миқёсида.
Мактаб миқёсида оммалаштиришнинг тартиби қандай?
Умумтаълим муассасасининг фан ўқитувчиси томонидан илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқилган методик иш йўналишлар бўйича мактабнинг Методбирлашмаси томонидан муҳокама қилинади ҳамда илғор иш тажрибага эга деб топилган тақдирда мактаб миқёсида оммалаштириш учун мактабнинг Педагогик кенгашига тавсия этилади.
Методбирлашма тавсияси асосида Педагогик кенгашда талабгорнинг методик иши мазкур буйруқ билан тасдиқланган методик ишга қўйилган талаблар ҳамда баҳолаш мезонига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ўрганиб чиқилади ҳамда мактаб миқёсида оммалаштириш ёки оммалаштирмаслик бўйича Педагогик кенгаш қарор қабул қилади.
Агар талабгорнинг методик ишига ижобий хулоса берилиб, оммалаштиришга лойиқ деб ҳисобланса, Педагогик кенгаш қарори билан мактаб миқёсида оммалаштирилади ва оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилиб кейинги босқичларга юборилади.
Бунда, қуйидаги ҳужжатлар талабгор томонидан оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилади:
– методик ишига ижобий хулоса берилиб, таълим муассасаси миқёсида оммалаштирилганлиги тўғрисида Педагогик кенгаш қарорининг электрон (пдф) нусхаси;
– оммалаштириш учун тавсия этиладиган методик иш (методик қўлланма ёки методик тавсия)нинг электрон (пдф) нусхаси;
– ўзи тўғрисида маълумотнома (объективка) ва мутахассислиги бўйича диплом нусхаси.
Туман (шаҳар) ва вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштириш тартиби қуйидагича:
Ommalashtirish.uz платформаси орқали юборилган методик иш Методик хизмат кўрсатиш бўлимининг тегишли фанлар бўйича Ўқув методик кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади.
Талабгорнинг методик иши максимал 80 балл билан баҳоланади. Талабгор томонидан тайёрланган методик иш мазкур буйруқ билан тасдиқланган методик ишга қўйилган талаблар ҳамда баҳолаш мезонига мувофиқ баҳоланади.
Бунда, 50-65 балл билан баҳоланган методик ишлар туман (шаҳар) миқёсида, 66-80 балл билан баҳоланган методик ишлар вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштирилган деб ҳисобланади ва сертификат олиш учун оммалаштириш.уз платформаси орқали Республика таълим марказига юборилади.
Шундан 75-80 балл билан баҳоланган методик иш республика миқёсида оммалаштириш учун тавсия этилади. Қорақалпоқ тилидаги методик ишлар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ҳамда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказининг Методик хизмат кўрсатиш бўлими билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилиб, Ўқув методик кенгаш қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига оммалаштириш учун тавсия этилади.
Босқичлар учун талаб этиладиган балларни тўплай олмаган талабгорларнинг методик иши асослантирилиб, оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилади.
Туман (шаҳар), вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштириш тўғрисида Методик хизмат кўрсатиш бўлимининг Ўқув методик кенгаши қарори ҳар йили 15 майга қадар оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилиши лозим. Ўқув методик кенгаш қароридан норози бўлган талабгорлар уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин.
Қарор қабул қилишда қуйидаги хулосалардан фойдаланиш мумкин:
1. «Талабгорниг методик иши мактаб миқёсида оммалаштирилганлиги инобатга олинсин ва қайта такомиллаштириш учун талабгорга юборилсин».
2. «Талабгорниг методик иши туман (шаҳар) миқёсида оммалаштирилсин»; «Талабгорниг методик иши вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштирилсин».
3. «Талабгорниг методик иши вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштирилиб, республика миқёсида оммалаштиришга тавсия этилсин».
Ommalashtirish.uz платформаси орқали туман (шаҳар), вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) миқёсида оммалаштириш учун юборилган ишлар Методик хизмат кўрсатиш бўлимининг Ўқув методик кенгаш қарорига мувофиқ Республика таълим маркази томонидан сертификат берилади.
Республика миқёсида оммалаштириш тартиби қуйидагича:
Методик хизмат кўрсатиш бўлимининг тавсияси асосида республика миқёсида оммалаштириш учун юборилган методик ишлар Республика таълим марказининг Илмий-методик кенгашида ўрганилади. Бунда, талабгор томонидан методик иши юзасидан тақдимот қилиниб, максимал 20 балл билан баҳоланади.
Тақдимот учун баҳолаш мезони Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилиб, республика босқичи бошланишидан бир ой олдин оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилади. Республика босқичида умумий 86-100 балл билан баҳоланган методик иш Илмий-методик кенгаш томонидан республика миқёсида оммалаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Республика миқёсида оммалаштириш тўғрисида Республика таълим марказининг Илмий-методик кенгаш қарори ҳар йили 30 майга қадар оммалаштириш.уз платформасига жойлаштирилиши лозим. Илмий-методик кенгаш қароридан норози бўлган талабгорлар уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин.
Оммалаштириш бўйича берилган сертификатлар қанча муддатга амал қилади?
Туман (шаҳар), вилоят (Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) ва республика миқёсида оммалаштирилганлиги тўғрисидаги сертификат берилган кундан бошлаб уч йилга қадар амал қилади.
Мактаб миқёсида оммалаштирилган методик иш учун сертификат берилмайди ва мактаб миқёсида оммалаштирилганлиги тўғрисида Педагогик кенгаш қарори асос ҳисобланиб, уч йилга амал қилади.
Сертификатлар фақат Республика таълим маркази томонидан берилади ҳамда оммалаштириш.уз платформаси орқали талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.
Эслатма! Ариза топширувчилар оммалаштириш.уз мобил иловалари орқали ҳам методик материалларни юбориши мумкин.
Google Play: Юклаш
App Store: Юклаш
