Баҳорги аттестациядан бошлаб педагог ходимларга 70 фоизлик устама бериладими?

Баҳорги аттестациядан бошлаб педагог ходимларга 70 фоизлик устама бериладими?

Хабар қилганимиздек, педагог ходимларга 70 фоизлик устама бериш тартиби тасдиқланди. Аммо ҳали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг педагог кадрларга малака тоифасини бериш тизими халқаро аккредитациядан ўтказилмаган ва ўзказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов АОКА да бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилди.

 

 

Маълумотларга кўра, ушбу тизим халқаро аккредитациядан ўтса, шундан кейингина ушбу талаблар асосида олий ва биринчи малака тоифасини олган (ёки сақлаган) ҳамда 86 баллик натижани қайд этган педагоглар 70 фоизлик устама олишлари мумкин бўлади.

 

 

«Аттестация тизимини халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда ва баҳорги аттестацияни аккредитациядан ўтказиб, бу жараённи якунлашга улгурамиз. Аккредитациядан ўтказиш осон иш эмас, уни кўриш, таҳлил қилиш каби жуда катта ишлар олиб борилмоқда», — деди вазири ўринбосари Сардор Ражабов.

Шундай экан, 70 фоизлик устама бериш тартиби амалда мавжуд бўлса ҳам, лекин тизим ҳали халқаро аккредитациядан ўтмаганлиги учун педагогларга устама тўлаб бўлмайди.

 

 

Педагоглар навбатдан ташқари аттестацияга тўлов қилса, аммо халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари якунланмай қолса, пулига куйиб қоладими?

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 21-бандида педагог кадрларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида (340 минг сўм) йиғим ундирилиши назарда тутилган.

 

 

Агар педагог ходимлар баҳорги аттестацияда 70 фоизлик устама бериш тартиби жорий қилиниши мумкинлигини тахмин қилган ҳолда, навбатдан ташқари аттестацияга ариза юбориб, тўловни амалга оширсаю, аммо 70 фоизлик устама бериш тартиби баҳорги аттестациядан бошлаб амалиётга жорий қилинмаса, амалга оширилган тўловлар педагог ходимларга қайтарилмайди.

 

 

Навбатдаги баҳорги аттестацияда иштирок этиш керакми?

 

 

1. Педагог ходимлар навбатдан ташқари баҳорги аттестациядан ўтиб олса ва бу орада тизим халқаро аккредитациядан ўтиб қоладиган бўлса, аттестацияда олий ва биринчи малака тоифасини олган (ёки сақлаган) ҳамда 86 баллик натижани қайд этган педагоглар 70 фоизлик устамага эга бўлишлари мумкин.

Аммо юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, баҳорги аттестацияга қадар тизим халқаро аккредитациядан ўтиб кетишига ҳеч ким аниқ кафолат бермайди.

2. Энди янги ўқув йилидан бошлаб вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама олиш учун номзодлар рўйхати аввалгидек ҳудудий кенгашлар тавсияси асосида шакллантирилмайди.

Эндиликда, аттестация тест синовларининг биринчи босқич натижаларига кўра умумий баллнинг камида 80 фоизини қўлга киритган фан ўқитувчилари орасидан энг юқори натижани кўрсатган учта номзод (ҳудудлар кесимида фан йўналишлари бўйича тақсимланган ҳар битта квота учун) вазир устамасига тавсия этилиши учун танлаб олинади.

Яъни, кейинги ўқув йилидан бошлаб, вазир устамасини олиш учун аттестация тест натижалари ҳисобга ўтаверади. Шу сабабли, 2026 йилда вазир жамғармасидан устама олмоқчи бўлган номзодлар жорий йилдаги малака синовларида иштирок этишлари керак бўлади.

Умуман олганда, навбатдан ташқари баҳорги аттестация натижалари 6 млн сўмлик вазир устамасини олиш учун ҳам асос бўлади.

3. Шунингдек, «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган учрашувда эндиликда «Йил ўқитувчиси» танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга Президент совғаси сифатида уй-жой берилиши айтилганди.

Ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилиши кутилмоқда.

«Йил ўқитувчиси» танлови шартларига кўра, ушбу танловда ҳам олий ҳамда биринчи малака тоифасига ҳамда 5 йиллик иш стажига эга бўлган педагог кадрлар иштирок эта олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу сабабли, педагог кадрлар «Йил ўқитувчиси» танловида иштирок этиш учун ҳам баҳорги аттестацияда иштирок этишлари тавсия қилинади.