Олмаота боғчаларида болалар мустақилликка ўргатилмоқда. Улар ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кўникмаларини эгаллаб, миллий анъаналарни ўйин орқали ўрганмоқда. Янги тизим аллақачон ота-оналар томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар беради «24КZ».
Ушбу тайёргарлик гуруҳидаги болалар нафақат ўйин ўйнайди, балки муҳим кўникмаларни ҳам эгаллайди – ўзлари кийим алмаштиради, овқатни ўзларига тарқатади ва ҳаттоки идиш-товоқларни йиғиштириб қўяди. Дастлаб бу уларга қийин бўлиб туюлган бўлсада, орадан бир неча ҳафта ўтгач, барчасини осонлик билан уддалашмоқда.
Тарбиячиларнинг таъкидлашича, эндиликда болалар нафақат ўзларига хизмат қилишади, балки гуруҳда тартибни сақлашда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Қимбат Қарабоева, болалар боғчаси мудираси:
– 2023 йилда бизнинг раҳбарларимиз тажриба алмашиш мақсадида Сингапурга ташриф буюрган эди, ўтган йил охирида эса Японияда бўлдик. У ерда болаларга қанчалик катта эътибор қаратилишини кўрдик. Айнан болалар боғчасида шахснинг асоси шаклланади. Тарбиячилар ва педагоглар болани мустақил бўлишга ўргатади.
Япон методикаси фақат мустақилликни шакллантириш билан чекланмайди. Болалар миллий анъаналарни ҳам ўрганади – улар ошиқ ўйинини ўйнайди, қоғозга нақш чизади. Шунингдек, улар қозоқ миллий эртаклари асосида яратилган лабиринтда турли артефактларни топишади. Тарбиячилар таъкидлашича, болаларнинг куни ҳаракат ва амалий машғулотларга бой бўлади.
Бундай ноодатий ёндашув аллақачон бошқа боғча педагогларини ҳам қизиқтирди.
Гулсим Изматова, хусусий болалар боғчаси директори:
– Мен жуда ҳайратландим ва лол қолдим. Айниқса, лабиринт жуда ёқди – у болалар доимий равишда банд бўлиши учун мўлжалланган. Уларнинг вақти максимал даражада самарали ташкил этилган. Шунингдек, ижодий ва этнографик зоналар, шунингдек, қизларни тарбиялаш учун алоҳида майдончалар мени ҳайратга солди.
2023 йилдан бери Олмаота болалар боғчалари раҳбарлари ва педагоглари хорижий ҳамкасблари билан тажриба алмашиб келмоқда. Улар аллақачон Сингапур, Япония, Англия, Полша ва Малайзияга ташриф буюришган.
Алия Сагиева, Олмаота шаҳар таълим бошқармаси бўлими раҳбари:
– Айтиш жоизки, ушбу тажриба бизга мослаштирилган ҳолда кириб келмоқда ва миллий менталитетимиз, маданиятимиз, қозоғ анъаналарига уйғун тарзда жорий этилмоқда. Шу боис жуда қизиқарли ҳамкорлик юзага келди.
Ҳозиргача 30 та болалар боғчасида япон тарбия усулини ўзлаштирди.
