Ижтимоий тармоқ саҳифаларида «Тошкент шаҳарда жойлашган 285-мактабда оммавий жанжал келиб чиққан, айтишларича бир ўқувчини бели цинган» мазмунида хабар тарқалган эди. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ММТБ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 2025 йил 30 январь куни соат тахминан 10:15 ларда Янгиҳаёт туманидаги 285-сонли умумтаълим мактаби 11-«Д» синф ўқувчиси Ў.К. танаффус вақтида мактаб иккинчи қавати йўлагида турган вақтида 11-«Б» синф ўқувчиси Э.К. билан ўзаро тортишиб қолади. Натижада, Ў.К. синфдоши Э.К. ни юз қисмига бир маротаба урганлиги ва ўрталарида келиб чиққан жанжалга бошқа ўқувчилар қўшилиб кетганганлиги маълум бўлган.
Ушбу воқеадан хабар топган мактаб маъмурияти дарҳол мактабга ўрнатилган «ташвиш тугмаси»ни босишган. Қисқа вақтда Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи ходимлари ва инспектор-психологи мактабга етиб келган ҳамда оммавий тартибсизликни тўхтатишган.
Сўнгра мактабга бириктирилган инспектор-психолог, катта лейтенант Н.О. мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, жанжалда иштирок этган ўқувчиларни «Ёрқин ҳаёт» маҳалласида жойлашган профилактика инспектори хонасига олиб борган. У ерда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тушунтириш ишлари амалга оширилган.
Жанжалда иштирок этган шу мактабнинг 11-синф ўқувчиларидан А.Ж. ҳамда С.М. лар шифокорга мурожаат қилган. Ўқувчиларнинг аҳволи яхши, уларга уйига жавоб берилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув-ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини билдирамиз.