Тошкент шаҳарда жойлашган мактаблар ошхонасида тақиқланган маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Яшнобод туман бўлими томонидан 216, 231-сонли мактабларда барча ишчи ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги назоратга олган. Шунингдек, ошхоналарида ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.
«Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари» га асосан таълим муассасаларида 38 турдаги маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш тақиқланган.
Назорат давомида мактаб ошхонасида тақиқланган майонез ва кетчуплар, рангли газли ичимликлар, ҳар хил турдаги қандолат маҳсулотлари, фаст-фоод маҳсулотлари тайёрланиб, сотилаётганлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда ушбу маҳсулотлар бракераж қилинган.
«Эслатиб ўтамиз, мактаб ошхоналарида тақиқланган маҳсулотлар савдосини чеклаш ва уларни назорат қилиб бориш мактаб ҳудудида ташкил этилган бракераж комиссияси ваколатига ҳам киради. Шунингдек, мактаб ошхонасига сотиш учун олиб келинган ҳар бир маҳсулотларни сифат кўрсаткичларига мослиги бракераж комиссияси томонидан кўриб чиқилиши ва тақиқланган маҳсулотлар улар томонидан савдодан олиниши керак».