Иқтисодчи Отабек Бакиров «Ўқитувчининг нисбий камбағаллашиши 2017 йилдан бери тўхтагани йўқ, лекин 2024 йилда улар амалда ҳам камбағаллашган», – деб ёзади ўзининг телеграм саҳифасида.
Маълум қилинишича, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 17,4%га ошиб, 5 357,2 минг сўмга етган. Лекин мактаб ўқитувчисининг ўртача ойлиги икки баробар секинроқ, 9,7%га ошиб, 3 584,7 минг сўмни ташкил этган. Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8%ни ташкил этгани ҳисобга олинса, ўзбек ўқитувчиси нафақат нисобда, амалда ҳам камбағаллашган.
«2024 йил якунларига кўра, ўқитувчининг ўртача ойлиги Ўзбекистондаги ўртача ойликдан 33,1%га ортда қолмоқда. 2023 йилда ортда қолиш даражаси 28,2% эди. Ислоҳотлар бошланган 2017 йилда ўқитувчиларнинг маоши Республика бўйича ўртача маошдан 20% ортда қолар эди.
Таълим билан бирга соғлиқни сақлашда ҳам нисбий камбағаллашиш тезлашган.
Агар тенденция сақланса, ахборот ва алоқа соҳасидаги ўртача маошлар яқин йилларда банк ва молия соҳасидаги ўртача маошларни қувиб ўтиши керак», — деб ёзган иқтисодчи.
Бундан ташқари, маошлар статистикасида эътиборли ўзгаришлар Наманган вилоятидаги ўртача маошлар энди Ўзбекистонда энг кам эмаслиги билан боғлиқ. Наманган вилояти ўтган 2024 йилда ўртача иш ҳақи кўрсаткичида бира тўла Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини қувиб ўтган (балки бу фаолиятни оқартириш ишлари билан боғлиқ бўлган).
Шунингдек, Тошкент ва вилоятлар ўртасидаги маошлар фарқи эса ўсишда давом этмоқда. Масалан, энг юқори маош тўланадиган пойтахт ва энг кам маошли ҳудуд ўртасидаги фарқ 2,40 га етган (ўтган йили 2,25).