Барча хорижий тил устозларида 2025-2026-ўқув йилига қадар камида Б2 даражадаги тил сертификати бўлиши керак — Вазирлик

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ:

 

 

– 2025-2026-ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозим.

 

 

Шу муносабат билан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур талабдан келиб чиққан ҳолда, барча хорижий тил устозларининг 2025-2026-ўқув йилига қадар камида Б2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатларга эга бўлиши лозимлигини қатъий эслатиб ўтган.

 

Кимлар хорижий тил ўқитувчилари тоифасига киради?

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сонли қарорида 15 та хорижий тиллар рўйхати келтирилган.

 

Булар инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд тиллари ҳисобланади. Демак, айнан мана шу тиллардан дарс берадиган педагоглар хорижий тиллар ўқитувчилари ҳисобланади.

 

Муҳим! Рўйхатда «Рус тили» фани ўқитувчилари хорижий тил ўқитувчиси сифатида қайд этилмаган. Демак, «Рус тили» фани ўқитувчиларига мактабда ишлаши учун миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш талаби мавжуд эмас.

 

 

Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларини ишга олиш тартиби қандай?

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сонли қарорининг 9-бандига мувофиқ 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб, давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.

 

 

Шунинг учун, Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талабини 2025/2026-ўқув йилига қадар узайтириш тартиби янги ишга кираётган ўқитувчиларга эмас, балки амалда мактабларда ишлаб келаётган ўқитувчиларга нисбатан татбиқ қилинади.

 

 

Яъни, янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчисидан ҳам Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги сертификат талаб қилинади.

 

 

Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиси Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги сертификатга эга бўлган тақдирда, у стажёр-ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинади ва бир йил ичида касбий сертификат ҳам олиши керак бўлади. Чунки, Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатлар касбий сертификат ўрнида қабул қилинмайди.

 

 

Талабалар хорижий тил ўқитувчиси бўлиб ишга кирмоқчи бўлса, Б2 сертификати талаб қилинадими?

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган барча талабгорлар ҳақида гап кетган.

 

Яъни, давлат таълим муассасасига ишга кираётган талабгор талаба бўладими ёки йўқ у янги ишга қабул қилинаётган бўлса, албатта Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификат талаб қилинади.

 

 

Декрет таътилидан қайтаётган хорижий тил ўқитувчисидан ҳам Б2 сертификати талаб қилинадими?

 

Меҳнат кодексининг 239-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда бола парваришлаш таътили берилганда ходимнинг аввалги иш жойи (лавозими) сақланиб қолади.

 

Яъни, декрет таътилидан қайтаётган ходимга янги ишга қабул қилинаётган ходим сифатида қаралмайди. Шу сабабли, Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиси декрет таътилидан қайтаётган бўлса, мактабдаги иш фаолиятини 2025/2026-ўқув йилига қадар давом эттираверади.

 

Аммо уларга ҳам ўқув йили охирига қадар тегишли сертификатга эга бўлиш талаби тўғрисида огоҳлантириш берилади.

 

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры