Сунъий интеллект ўқитувчи ва ўқувчиларга хизмат қиладиган восита бўлиши керак — ЮНEСКО Бош директори

 

ЮНEСКО Бош директори Одри Азул 2025 йилги Халқаро таълим кунини (24 январь, жума) сунъий интеллект (СИ) билан боғлиқ муаммоларга бағишлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

 

У ЮНEСКОга аъзо давлатларни ушбу технологияни таълимда оқилона қўллаш мақсадида ўқитувчилар ва талабаларга тайёргарлик кўриш учун сармоя киритишга чақирди.

 

«СИ таълим соҳаси учун кенг имкониятлар яратади, агар у мактабларда аниқ ахлоқий тамойилларга асосланган ҳолда қўлланилса. Бу технология ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун ўқув жараёнининг инсоний ва ижтимоий жиҳатларини тўлдириши, лекин уларни алмаштирмаслиги керак. СИ ўқитувчилар ва ўқувчиларга хизмат қиладиган восита бўлиши керак, унинг асосий мақсади эса уларнинг мустақиллиги ва фаровонлиги бўлиши лозим,» — деди Одри Азул.

 

 

Халқаро таълим кунини сунъий интеллектга бағишлаш орқали ЮНEСКО ушбу технологиянинг таълимдаги ўрни ҳақида глобал муҳокама ташкил қилишни мақсад қилган. Шу муносабат билан Париж ва Нью-Йоркда конференциялар, шунингдек, вебинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

 

 

Давлатлар сунъий интеллект бўйича икки қисмга бўлинган

 

 

Сунъий интеллект таълимда тобора кўпроқ қўлланилмоқда. Юқори даромадли давлатларда ўрта мактаб ўқувчиларининг 2/3 қисми СИ воситаларидан дарсга тайёрланишда фойдаланмоқда. Ўқитувчилар эса дарсларни режалаштириш ва ўқувчилар ишларини баҳолашда сунъий интеллектни кўпроқ қўллашмоқда.

 

 

Бундан ташқари, СИ касб танлаш ва мактабга қабул жараёнларида ҳам фойдаланилмоқда. Бироқ, таълим иштирокчилари учун ушбу технологиялардан фойдаланиш бўйича аниқ тавсиялар ҳали мавжуд эмас.

 

 

2023 йил май ойида ЮНEСКО томонидан ўтказилган сўровга кўра, фақат 10% мактаб ва университетларда СИ бўйича расмий қоидалар мавжуд. 2022 йилгача эса атиги 7 та давлат ўқитувчилар учун СИ бўйича дастурлар ишлаб чиқди, 15 та давлат эса СИ бўйича ўқув режаларига мақсадларни киритди.

 

 

Шу билан бирга, кўплаб давлатлар янги технологиялардан дарсларда фойдаланишга чекловлар жорий қилмоқда. ЮНEСКО маълумотларига кўра, 2023 йил июль ойида 24% мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 40% га етган.

 

 

Ўқувчилар ва ўқитувчилар учун хизмат қилувчи восита

 

 

Таълим, илм-фан, маданият ва ахборот соҳаларини қамраб олган кенг мандатга эга ЮНEСКО сўнгги 10 йил давомида сунъий интеллект масалалари билан шуғулланиб келмоқда. 2021 йил ноябрь ойида ташкилот аъзо давлатлари СИ нинг ахлоқий жиҳатлари бўйича биринчи глобал норматив ҳужжатни қабул қилган эди.

 

 

2023 йил центабр ойида ЮНEСКО таълим ва илмий тадқиқотларда генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича биринчи қўлланмасини эълон қилди. 2024 йилда эса ўқувчилар ва ўқитувчилар учун сунъий интеллект бўйича икки тизим ишлаб чиқилиб, унда унинг имкониятлари ва хавфлари муҳокама қилинган. Ушбу ҳужжатларда сунъий интеллект(СИ) дарсларда фойдаланиш учун минимал ёшни 13 деб белгилаш таклиф этилган.

 

 

Бундан ташқари, ЮНEСКО давлатлардан СИ ривожланиши учун ажратиладиган маблағлар таълимга ажратилган асосий маблағлардан олинмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Чунки ҳар тўртинчи бошланғич мактаб электр энергиясига эга эмас, 60% мактаб эса интернетга уланиш имконига эга эмас.

 

 

ЮНEСКОнинг фикрича, таълим соҳасидаги асосий эҳтиёжлар устувор бўлиб қолиши керак: яхши жиҳозланган мактаблар, малакали ва ўз ишига содиқ ўқитувчиларни таъминлаш зарур.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры