Мажлис баёнида келтирилишича, олий таълим тизимидаги раҳбар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббуси маъқулланган.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шу ҳолатга нисбатан Меҳнат кодексининг 269-моддасига таянган ҳолатда, ходимнинг ёзма розилиги бўлмай туриб унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмаслигини эслатган. Шунингдек, мазкур моддада иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, улар орасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси назарда тутилмаганлигини таъкидлаган.
«Розилик деганда ҳар бир ходимнинг ёзма розилиги назарда тутилади. Ҳар бир ходим ўзи шахсан 1 кунлик иш ҳақини ушлаб қолишга рози эканлиги ҳақида имзо чекиши шарт» – дейди Хушнудбек Худойбердиев
Ундан ташқари ҳар бир талаба бошига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 фоизи миқдорида спорт майдончалари қурилишига ажратиш таклифи ҳам маъқулланган.
«Солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмас»
Хусусан, баённомада «нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан молия йили якунида тўлов-контракт шаклида маблағ қолдиғининг 4 фоиз қисмини Республика олий таълим кенгашига йўналтириш амалиётини жорий этилиши мумкинлиги» ҳақида хабар жамоатчилик фаолларида турли фикрларни келтириб чиқарди.
Хусусан, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев баённомани «матнда мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлсада, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати» дея баҳолади.
«Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда, амалда билмадим энди).
Шу сабабли нодавлат олийгоҳлар Кенгашга 4 фоиз пул ўтказишга мажбур эмаслигини билишлари зарар қилмайди. Унутманг, Республика Олий таълим кенгашининг ўзи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, қанақадир давлатнинг ваколатли органи эмас, кимгадир мажбурият юклайдиган ваколати йўқ», – дейди у постида.
«Профи Университй» таъсисчиси Бектош Хатамовга кўра, «контракт тўловидан 4 фоизлик улушни кенгашга йўналтириш таклифидан» нодавлат олий таълим ташкилотлари таъсисчилари баённома эълон қилинганидан кейин хабар топишган.
«Бу бизнес оламига ҳам жуда ваҳимали сигналлар беради. Ўзбекистонда бизнес қилиш вазир, ҳоким, яна бошқа амалдорларнинг хоҳиш ва истаклари билан солиқ пайдо бўлишининг ўзи жуда қўрқинчли сигнал.
Нега? Чунки бу давлатда қонунлар ишламаслигини, ким қачон хоҳласа, ўша пайтда қарор қабул қилиб солиқ йиғиши мумкинлигини кўрсатади. Бу эса инвестиция, ҳар қандай инвестор учун таҳлика яратади», – дейди у ўз муносабатида.
Мажлис протоколи конституцияни четлаб ўтган (ми)?
Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, ушбу протокол билан«ихтиёрий-мажбурий» солиқ жорий қилинмоқда.
«Ўзбекистонда янги солиқларни жорий этиш нафақат Олий Мажлисга, балки қайсидир тушунарсиз давлат органига ҳам жуда осон: йиғилиш баённомалари орқали амалга оширилади.
Пул керакми? Ҳеч қандай муаммо йўқ: ўз тасарруфидаги аудиториядан йиғамиз. Агар кимдир қаршилик қилса, текширув юборамиз ва лицензиясини олиб қўямиз»,–дейди Юлий Юсупов
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ушбу протоколнинг қанчалик қонуний кучга эга эканлигига тўхталиб ўтган.
«Протокол эгалари Конституция нормаларини четлаб ўтиб, янги солиқ жорий қилишга қўл уришган. Мазкур протокол университетларга антиконституциявий солиқ солиш билан чекланмаган.
Протокол билан университетлар ўқитувчиларига бир кунлик иш ҳақини Яшил макон лойиҳаси учун ушлаб қолиш ҳам кўзда тутилган. Меҳнат кодекси, Қонунларимизда ходим розилигисиз маошдан ушлаб қолиш тақиқланганига қўл силтаб қўя қолишган», –дейди ўз муносабатида