2025 йил 1 апрелдан бошлаб Россия мактабларига қабул қилинаётган мигрант болалар учун рус тилини билиш бўйича мажбурий тест синовлари жорий этилади. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернышенко РИА Новостига берган интервьюсида маълум қилди.
Чернышенконинг айтишича, ҳозирда Рособрнадзор методик материаллар, тест синовлари тизими ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишни якунламоқда.
«Биз ҳар бир синф учун турли даражадаги тест синовлари талаб этилишини тушунамиз. Шунинг учун, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу тизим мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида амалга оширилади», — деди у.
Маълум қилинишича, ҳар йили Россия мактабларига тахминан 155 минг мигрант бола қабул қилинади. Янги қонунга мувофиқ, энди рус тилини билиш даражасини текширувчи тестни муваффақиятли топширмаган болалар мактабга қабул қилинмайди.
Шунингдек, Россия Таълим вазирлиги таъкидлашига кўра, тест давлат ёки маҳаллий таълим муассасаларида бепул ўтказилади.
Ушбу чоралар мактабларда таълим сифати ошишига ва болаларнинг маҳаллий муҳитга осонроқ мослашишига хизмат қилиши кутилмоқда. Ҳукумат болаларга рус тилини ўрганиш учун зарур ресурсларни тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.
