Иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳақида нималарни биласиз?

Меҳнат кодексининг 213-моддасига кўра, ушбу Кодексда иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун таътилларнинг қуйидаги турлари назарда тутилган:

 

– ҳар йиллги меҳнат таътили;

– ижтимоий таътиллар;

– иш ҳақи қисман сақланадиган таътил;

– иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

 

Меҳнат Кодексининг 241-моддаси 1-қисмига кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги қанчадан ошмаслиги керак?

 

 

Меҳнат Кодексининг 241-моддаси 2-қисмига кўра, ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак.

 

 

Масалан, ходим охирги 1 йил давомида иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқмаган. Ходим 3 ой муддатга 2023 йилнинг 1 августдан 1 ноябргача иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан фойдаланган бўлса, гарчи янги календарь йили яъни 2024 йил бошлансада, у 2024 йилнинг январь ойида яна таътилда чиқиши мумкин эмас. Чунки иш ҳақи сақланмаган таътил охирги берилган кундан, яъни 2023 йилнинг 1 августдан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак. Энди иш ҳақи сақланмайдиган таътилга ходим фақат 2024 йилнинг 1 августидан чиқиши мумкин.

 

 

Меҳнат Кодексининг 241-моддаси 3-қисмига кўра, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан 6 ойгача кўпайтирилиши мумкин.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни соатларда бериш мумкинми, масалан 4 соатга?

 

 

Ҳа, мумкин. Чунки иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бундан ташқари Меҳнат Кодексининг 9-моддасига кўра, ушбу Кодексда, жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланган муддатлар календарь сана билан, йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ҳисобланадиган вақт даврининг тугаши билан ёки юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатган ҳолда аниқланади.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлигини ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай?

 

 

Эътибор беринг, Меҳнат Кодексининг 221-моддасидаги ҳар йиллги меҳнат таътилларининг давомийлигини ҳисоблаб чиқариш қоидалари иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлигини ҳисоблаб чиқаришга нисбатан татбиқ қилинмайди. Чунки Меҳнат Кодексининг 216-моддасига кўра, ҳар йиллги меҳнат таътилининг турлари қуйидагилардан иборат:

 

 

– асосий меҳнат таътили (ҳар йиллги асосий, энг кам ёки ҳар йиллги асосий узайтирилган);

 

– ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган тартибда асосий энг кам ёки асосий узайтирилган таътил билан жамлаб ҳисобланадиган қўшимча меҳнат таътили. Яъни иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳар йиллги меҳнат таътилининг турларига кирмайди.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда Меҳнат Кодексининг 9-моддаси қоидалари қўлланилади. Унга кўра, календарь йиллар, ойлар, ҳафталар ёки кунлар билан ҳисобланадиган муддатга ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.

 

 

Агар муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

 

Масалан, ходим 1 майдан 10 кунга иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқди. Бу ҳолатда ходимнинг ишга чиқиш санаси 11 май бўлади. Эътибор беринг, 7 май якшанба ҳам, ишланмайдиган байрам куни бўлган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳам иш ҳақи сақланмайдиган таътил муддатига қўшилади, чунки Меҳнат Кодексининг 9-моддасига кўра, календарь йиллар, ойлар, ҳафталар ёки кунлар билан ҳисобланадиган муддатга ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.

 

 

Мисол. 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходим 1 майдан 5 кунга иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқди. Бу ҳолатда ходимнинг ишга чиқиш санаси 8 май бўлади. Чунки, 6 май шанба дам олиш кунига тўғри келмоқда. Меҳнат Кодексининг 9-моддасига кўра, агар муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

 

 

Иш берувчи ходимни хоҳишисиз мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариши мумкинми?

 

Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат Кодексининг 241-моддаси 2-қисмига кўра, ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

 

 

Иш берувчи ходимни мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқарса, бу МЖТК 49-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Ўз навбатида эса, ходим ҳам иш берувчи билан келишмасдан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиб олмайди, Меҳнат Кодексининг 242-моддасидаги ҳолатлар бундан мустасно.

 

 

Ходимнинг иш берувчи розилигисиз, ўзбошимчалик билан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиб кетиши у томонидан меҳнат мажбуриятларини бузиш деб баҳоланади ва бу ходимга иш берувчи Меҳнат Кодексининг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллаши мумкин.

 

 

Бекор туриб қолинган вақтда ходимни иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариб юбориш тўғрими?

 

 

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, иш берувчи ходимни хоҳишига қарши мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариши ғайриқонуний ҳисобланади.

 

 

Меҳнат Кодексининг 266-моддасига кўра, иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади.

 

 

Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтда мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.

 

 

Қайси ҳолатларда ходимнинг талабига кўра мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади?

 

Меҳнат Кодексининг 242-моддасига кўра, ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилади:

 

– 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;

 

– И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;

 

– икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;

 

– ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили 14 календарь кунгача;

 

– қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.

 

 

Меҳнат Кодексининг 12-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

 

– жамоа келишувлари;

– жамоа шартномалари.

– иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;

– ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.

 

 

Масалан, корхона жамоа шартномасида ходимнинг талабига кўра мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериладиган қуйидаги ҳолатлар ҳам белгиланиши мумкин: никоҳ тузилганлиги муносабати билан, бола туғилиши муносабати билан боланинг отасига, ходимнинг яқин қариндоши вафот этганлиги муносабати билан ва бошқалар.

 

 

Диққат! Биз мисол қилиб келтирган юқоридаги ҳолатлар учун Меҳнат Кодексининг 238-моддасига кўра, жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимларга иш ҳақи сақланган ҳолдаги ижтимоий таътилларни бериш ҳам назарда тутилиши мумкин.

 

Қонунчиликда назарда тутилган иш ҳақи сақланмайдиган таътил мажбурий тартибда бериладиган яна бошқа ҳолатларга айрим мисоллар келтирамиз.

 

 

Меҳнат Кодексининг 385-моддасига кўра, кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшириш учун камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, таълим ташкилотлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди.

 

Меҳнат Кодексининг 439-моддасига кўра, асосий иш жойи бўйича йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги ишдаги меҳнат таътилининг давомийлигидан кўп бўлган ҳолларда, иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга ўриндошлик асосидаги ишдаги йиллик меҳнат таътилидан ташқари асосий ишидаги йиллик меҳнат таътили ва ўриндошлик асосидаги ишнинг йиллик меҳнат таътили давомийлиги ўртасидаги фарқни ташкил этувчи кунларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам бериши шарт.

 

 

Мисол: Ходимнинг асосий иш жойидаги таътли 36 календарь кун, ўриндошлик асосидаги ишида эса 30 календарь кун. Демак, ўриндошлик жойида ходимга 6 календарь кун иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам бериши шарт.

 

Мисол: Юқоридаги ҳолатнинг акси бўлсачи, яъни ходимнинг асосий иш жойидаги таътли 30 календарь кун, ўриндошлик асосидаги ишида эса 36 календарь кун. Бу ҳолатда асосий иш жойи ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур эмас. Ушбу вазиятда агар ходим Меҳнат Кодексининг 242-моддасидаги ҳолатларга тушмаса, у ҳолда асосий иш жойидаги иш берувчи билан келишиб иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкин.

 

 

Ходим исталган вақтда иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкинми ёки 6 ой ўтиши керакми?

 

Ходим иш берувчи билан келишиб, исталган вақтда, ҳаттоки бугун ишга кириб эртадан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкин. Агар ходим 242-моддада кўрсатилган тоифага кирса, иш берувчи ходимнинг талабига кўра, мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши керак.

 

Меҳнат Кодексининг 227-моддасидаги биринчи иш йили учун ҳар йиллги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган 6 ой ўтгандан кейин юзага келади деган қоида ҳар йиллги меҳнат таътилига тааллуқли.

 

 

Иш ҳақи сақланмаган таътил даврида ходим касал бўлиб қолса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланадими?

 

«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом 22-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик иш ҳақи сақланмаган таътил даврига тўғри келганда нафақа тўланмайди. Ушбу даврларда бошланиб, давом этаётган меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходим ишга чиқиши (лавозимга тикланиши) лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

 

 

Мисол: Ходим 2023 йилнинг 1 майидан 10 кунга иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқди. Ишга чиқиш санаси 11 май эди, лекин касаллик давом этиб ходим 19 май санасидан ишга чиқди. Демак, бу ҳолатда 5-10 май кунлари учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайди, чунки касаллик даври иш ҳақи сақланмаган таътилга тўғри келмоқда. Бироқ 11-18 май даври учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади, чунки ходимнинг иш ҳақи сақланмаган таътил даври 10 май санасида тугаган.

 

Ходимни иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан чақириб олиш мумкинми?

 

Эътибор беринг, ходимни таътилдан чақириб олиш қоидалари ҳар йиллги меҳнат таътилига нисбатан татбиқ қилинади. МК 216-моддасига кўра, ҳар йиллги меҳнат таътилининг турлари қуйидагилардан иборат:

 

– асосий меҳнат таътили (ҳар йиллги асосий, энг кам ёки ҳар йиллги асосий узайтирилган);

 

– ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган тартибда асосий энг кам ёки асосий узайтирилган таътил билан жамлаб ҳисобланадиган қўшимча меҳнат таътили.

 

 

Диққат! Таътилдан чақириб олиш қоидалари яъни 230, 231, 232-моддалар ижтимоий таътилларга, шу жумладан иш ҳақи қисман сақланадиган таътил ва иш ҳақи сақланмайдиган таътилларга нисбатан қўлланилмайди.

 

 

Мисол: Ходимга Меҳнат Кодексининг 241-моддаси тартибида, 3 ойгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилди. Лекин ташкилот учун ходим зарур бўлиб қолди. Бу ҳолатда таътилдан чақириб олиш қоидалари татбиқ қилинмайди. Унда қандай йўл тутилади? Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгилангани қоида сифатида ҳал этилади.

 

 

Яъни агар ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан чиқишга ариза ёзса, иш берувчи ҳам бунга рози бўлса, ходим ишга қайтиши мумкин. Агар ходим рози бўлмаса, уни иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан қайтариб олиб бўлмайди. Ўз навбатида ходим ҳам иш берувчидан уни муддатидан аввал иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан қайтариб олишини талаб қила олмайди.

 

 

Мисол. 3 ой муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилган ходим 1 ойдан кейин ишга чиқмоқчи бўлса, иш берувчининг розилиги керак. Агар иш берувчи рози бўлмаса, ходим 3 ойлик муддат тугагандан сўнг ишга чиқиши керак.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳар йиллги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига кирадими?

 

Меҳнат Кодексининг 226-моддасига кўра, ходимнинг илтимосига кўра бериладиган, иш йили давомида 2 ҳафтадан ошмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти ҳар йиллги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига киради.

 

 

Демак, 2 ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар ҳар йиллги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига кирмайди.

 

 

Диққат! Меҳнат Кодексининг 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.

 

Демак, жамоа шартномасида, бошқа ички локал ҳужжат ёки меҳнат шартномасида 2 ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ҳам навбатдаги меҳнат таътилини олишга ҳуқуқ берувчи иш стажига ва тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилиши мумкинлиги назарда тутилиши мумкин.

 

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил муносабати билан иш йили суриладими?

 

2 ҳафтадан ошган иш ҳақи сақланмайдиган таътил кунлари меҳнат таътили олишга ҳуқуқ берувчи иш стажига киритилмайди. Айнан шу кунлар сонига иш йилининг тугаш санаси сурилади. Меҳнат Кодексининг 225-моддасига кўра, агар ушбу Кодекснинг 226-моддасига мувофиқ иш йилига киритиладиган даврларнинг суммаси тўлиқ 12 календарь ойдан кам бўлса, ходимнинг иш йили етишмаётган вақтга сурилади.

 

Мисол: Ходимнинг иш йили 2022 йил 9 июлда бошланган. Тегишинча, у 2023 йил 8 июлда тугаши керак эди. Бироқ иш йили давомида ходимга давомийлиги 60 кун бўлган иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилди. Унинг иш йили тугаши 46 календарь кунга (60 – 14) сурилади ва 2023 йил 23 августда тугайди. Тегишинча, кейинги иш йили 9 июлдан эмас, балки 2023 йил 24 августдан бошланади.

 

Навбатдаги таътилларни тақдим қилиш тўғрисидаги маълумотларни ходимнинг Т-2 шаклидаги шахсий варақида кўрсатинг. Агар иш йили давомида ходимга меҳнат таътилини олишга ҳуқуқ берувчи иш стажига киритилмайдиган даврлар бўлса, вараққанинг бешинчи қисмида (қўшимча маълумот) ҳар бир бундай давр ҳақида тегишли белги қилинг.

 

Баъзи корхоналар Т-2 шаклидаги шахсий варақда ёзувлардан ташқари иш йили тугашидаги сурилишлар тўғрисидаги маълумотларни иш ҳақи сақланмайдиган таътил ёки бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши таътилини тақдим қилиш тўғрисидаги буйруқларда кўрсатишади.

 

Манба: Халқ Таълим Инфо

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры