Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 17 декабрдаги 04-37-4269-сон кўрсатма хати билан таълим муассасаларида Янги йил байрами тадбирларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу кўрсатмалар мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим, ихтисослаштирилган, ижод ва Президент мактабларига нисбатан татбиқ этилади.
Янги йил байрами муносабати билан қуйидагилар тавсия этилди
– Янги йил байрами муносабати билан таълим ташкилотлари ҳудуди, биноси ҳамда синф хоналарини тартибга келтириш, таълим ташкилотлари ҳовлисидаги табиий арчанı (мавжуд бўлса) ўқувчи ва тарбияланувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар билан безатиш;
– Янги йил байрамини ўтказиш учун таълим ташкилотлари фойеси, фаоллар ёки спорт залларини ўқувчи ва тарбияланувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар билан безатиш, бунда, турли хил электр ёритгичлар билан ясатилишга йўл қўймаслик чоралари кўриш;
– байрам тадбирларини таълим ташкилотлари ҳудудида, қизиқарли тарзда ташкил этиш ва таълим муассасаси ҳудудини байрамона безатиш;
– байрам тадбирларини таълим ташкилотларининг гуруҳларида ва бошланғич синф ўқувчилари учун синф хоналарида, дарс машғулотларига халал бермаган ҳолда ўтказиш;
– таълим ташкилотларининг юқори синфлари ўртасида қўл меҳнати билан тайёрланадиган безаклар (қоғоздан ясалган қор парчалари ва бошқа Янги йил байрамига хос бўлган безаклар) танлови, «Энг чиройли безатилган синф» ва «Энг яхши Янги йил табрикномаси» (синф номидан мактабга, ўқитувчиларга, ота-оналарга) каби кўрик-танловлар ташкил этиш;
– ўқувчилар томонидан Янги йил байрами билан боғлиқ турли хил эртаклар ва саҳна кўринишларини намойиш этиш тавсия этилади.
Шунингдек, қуйида келтирилган ишлар амалга оширилиши лозим:
– ўқувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида Янги йил байрамини оила даврасида ўтказиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;
– ўқувчилар томонидан турли хил пиротехник воситаларни олиб келиш ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўймаслик чоралари кўриш;
– таълим ташкилоти раҳбарияти томонидан «Эрталабки сафланиш»лар давомида, синф раҳбарлари томонидан эса «Синф соатлари» ва «Ота-оналар мажлиси»да турли хил пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг оғир оқибатлари ҳақида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб бориш лозим.
Эслатма! Янги йил байрами арафасида қуйидагилар тақиқланади:
– байрам баҳонасида табиий арча дарахтларининг шох ва новдаларини синдириш ёки уларни бошқа жойга кўчириш;
– Янги йил байрамини нишонлаш баҳонасида ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ноқонуний пул йиғимларини ташкил этиш;
– Янги йил байрамини ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида ўтказиш, шунингдек, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари томонидан байрам муносабати билан таълим ташкилоти раҳбарияти ва педагог ходимларга турли хил совғалар тақдим этиш қатъиян тақиқланади.