Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг Эссекс университетининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Ванесса Поттер билан учрашув ўтказдилар.
Томонлар олий таълим ва илмий тадқиқотлар, жумладан, икки томонлама диплом бериш дастурлари, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, мазкур университет филиалини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шароитларни юқори баҳолади. «Ўзбекистонда Британия таълим стандартларини жорий этишдан манфаатдормиз. Ҳозир кунда университетнинг Ўзбекистонда расмий филиалини ташкил этиш масаласи кун тартибидаги муҳим масала ҳисобланади«, — деди проректор Ванесса Поттер.
Музокаралар якунида мазкур йўналишдаги мулоқотни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида: Эссекс университети 1964 йилда ташкил этилган. Таълим муассасаси Британия ҳукуматига тегишли. Ҳозирги кунда мазкур олий таълим муассасасида салкам 17 минг талаба таҳсил олмоқда.
Муассасада 2562 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритади. Бу ерда талабаларга муҳандислик ва физика соҳаларидан ташқари бизнес бошқаруви, ижтимоий фанлар ва IT йўналишларида сабоқ берилади.