Бишкекда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автомобиль бўлакларга бўлиниб кетди ва икки нафар хорижлик талаба ҳалок бўлди. Бу ҳақда «24.kg» ҳуқуқ-тартибот идоралари манбасига таяниб хабар берди.
Ҳодиса 15 декабрь куни эрталаб соат 6:45 да «Мадина» бозори яқинидаги автобус бекатида содир бўлган. БМW автомобили «7 апрель» кўчаси бўйлаб шимолий йўналишда юқори тезликда ҳаракатланаётганда, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган ва автобус бекатидаги устунга урилган.
Тўқнашувнинг кучлилиги сабаб автомобиль бўлакларга ажралиб кетган. Машинада Қирғизистон давлат тиббиёт академиясининг учинчи босқичида таҳсил олаётган беш нафар Покистон фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида икки нафар талаба воқеа жойида ҳалок бўлган, уч нафари эса касалхонага етказилган.