2030 йилга келиб дунё бўйлаб 44 миллион ўқитувчига эҳтиёж бўлади — ЮНЕСКО

ЮНЕСКО ўзининг «Жаҳон ўқитувчилар ҳақидаги ҳисобот» ида дунё миқёсида педагогларга бўлган шиддатли эҳтиёж ҳақида огоҳлантирмоқда.

 

 

Унда статистик маълумотлар, тадқиқотлар ва амалий усуллар таҳлил қилинган бўлиб, унинг чиқарилишига асосий сабаб бу соҳадаги кадрлар танқислигидир.

 

 

Ҳисоботда келтирилишича, 2030 йилга келиб, барча болаларга умумий бошланғич ва ўрта таълимни таъминлаш учун қўшимча 44 миллион ўқитувчи керак бўлади. 2022 йилда эса дунё бўйича 73 миллион ўқитувчи фаолият юритган.

 

 

Энг оғир ҳолат Сахарадан жанубдаги Африка мамлакатларида кузатилмоқда. Бу ерда 2022 йилда 15 миллион ўқитувчи етишмаган. Бошланғич таълим муассасаларида битта ўқитувчига ўртача 38 нафар ўқувчи тўғри келган (дунё бўйича ўртача 23 нафар). Шунга қарамай, бошқа минтақаларда ҳам муаммо ортиб бормоқда. Масалан, 2021–2022 йилларда 35 та Европа мамлакатида ҳам ўқитувчилар танқислиги қайд этилган.

 

 

Маош ва унинг ўқитувчилар ҳаётидаги аҳамияти

 

 

Ҳисоботда ўқитувчилар маошининг пастлиги дунё миқёсида умумий муаммо экани таъкидланган. Кўп мамлакатларда педагогларнинг даромади шунга ўхшаш даражадаги таълимни талаб қилувчи бошқа касбларга нисбатан пастроқ. Бу, хусусан, Европа мамлакатлари, АҚШ, Исроил, Уругвай ва Чили учун хосдир.

 

 

Айрим Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида ўқитувчилар бошқа мутахассисларга нисбатан кўпроқ маош олишади. Масалан, Того, Бенин ва Жанубий Африкада бошланғич мактаб ўқитувчилари 50% кўпроқ даромадга эга бўлишлари мумкин. Бироқ, бу маошлар ҳам ўқитувчиларнинг асосий эҳтиёжларини қоплаш учун етарли эмас.

 

 

Маошнинг пастлиги келгусидаги ўқитувчилар учун касбни жозибадор қилмайди, шунингдек, тажрибали педагогларнинг ишдан кетишига сабаб бўлади.

 

“Қозоғистон 2020 йилдан 2023 йилгача ўқитувчиларнинг маошини икки баробар оширди. Бу қарор миллий сўров натижаларига асосланди, унда ўқитувчилар ўзларини ортиқча юкланган ва кам маош олишларидан норози эканини билдирган эдилар. Ўқитувчилар бу ўзгаришларга жавобан, ҳозир ўзларини давлат томонидан яхшироқ қўллаб-қувватланмоқда деб ҳисоблашди. Рағбатлантирувчи маошлар ишдан қониқиш даражасини ошириши ва касбнинг жозибадорлигини ошириши мумкин”.

 

Стресс ва бошқа сабаблар

 

Муаммолардан яна бири ишдаги — стрессдир.

Стресс — ўқитувчиларни ишдан кетишга мажбур қилувчи асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳаддан ташқари кўп юклама, маъмурий вазифалар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан низолар стрессни кучайтиради.

 

 

Айрим давлатларда ўқитувчиларнинг хавфсизлиги муаммо бўлиб қолмоқда. Масалан, АҚШда ўқитувчиларнинг 14% ўқувчилар томонидан зўравонликка учраганини маълум қилган. Францияда эса ўқитувчиларнинг ҳаётига жиддий хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳам бўлган.

 

 

Муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар

 

 

ЮНЕСКО муаммони бартараф этиш учун бир неча йўналишда иш олиб боришни таклиф қилмоқда. Жумладан:

 

 

– таълим соҳасига кўпроқ инвестиция киритиш;

 

– ўқитувчилар маошини ошириш;

 

– уларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этиш;

 

– мактабларда ҳамкорлик маданиятини ривожлантириш.

 

 

Бу чоралар ўқитувчиларнинг ўз касбларида қолишига ва кадрлар танқислигини юмшатишга ёрдам бериши мумкин деган фикрда.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры