Охирги етти йилда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОТМ лар сони 77 тадан 211 тага етди — профессор

 

Мамлакатимизда ўтган октябрь ва ноябрь ойи сиёсий воқеликларга бой бўлди. Яъни, октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтган бўлса, ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигида Президентимиз халқ вакиллари – парламент аъзолари билан уч маротаба учрашиб, мамлакатимиз тараққиётига оид ҳаётий муҳим масалалар юзасидан мулоқот қилди.

 

Мазкур мулоқотларни, парламент аъзолари билан муҳокама этилган барча ташаббус ва режаларни, уларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифаларни, моҳиятан Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномаси бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, мазкур жараёнларни халқимиз, бутун жамоатчилик ижтимоий тармоқлар орқали катта қизиқиш билан кузатди.

 

Президентимизнинг 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табриги эса ана шу сиёсий воқеликларнинг яна бир узвий давоми бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

 

Юртбошимиз ўз табригида бу йилги Конституция байрамининг юқоридаги сиёсий жараёнлар билан уйғун тарзда алоҳида руҳи ва шукуҳи борлигини урғулаб, мазкур айёмнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда ўтаётгани билан боғлиқ эканини таъкидлади.

 

Аввало, шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида қуйи палатанинг келгуси беш йилликдаги энг устувор вазифалари юзасидан қайд этиб ўтган муҳим ташаббус ва халқчил таклифлари мамлакатимиз парламенти фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Юртбошимиз нутқи нафақат халқ вакиллари, балки барча жабҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

 

Табрикда ана шу жиҳатлар яна бир бор тилга олиб ўтилди.

«Биз «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», деган конституциявий принципга амал қилган ҳолда, парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш, самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, уларни чинакам халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз», — дейилади Давлатимиз раҳбари табригида.

 

Шунингдек, мамлакатимизда эришилаётган оламшумул ютуқлар ва ўзгаришлар ҳақида сўз бориб, таълим, хусусан, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

 

Жумладан, таълим соҳасидаги дастурлар доирасида яқин йилларда олийгоҳларда қамров 50 фоизга етказилиши, биргина 2025 йилда боғча ва мактабларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш учун давлат бюджетидан 4 триллион сўм маблағ ажратилиши таъкидланди.

 

Дарҳақиқат, мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис, кейинги йилларда таълим, хусусан, олий таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида қатор ижобий натижаларга эришилди.

 

Жаҳонда глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви, жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳасига рақамли технологияларнинг кириб бориши, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида ҳукуматлар томонидан интилишларнинг кучайиши, ўз навбатида, олий таълим самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Бундай шароитда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлигини таъминлашга катта эҳтиёж сезилади.

 

 

Фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция жараёнлари, биринчидан, тежамли ва самарали ҳисобланса, иккинчидан, илмий-техник тараққиётни тезлаштиради, учинчидан, нафақат муайян мамлакат, балки бутун дунё ҳамжамиятининг фан ва олий таълими интеллектуал салоҳиятидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

 

Охирги етти йилда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртлари сони 77 тадан 211 тага етди, 30 га яқин хорижий олий таълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди, хусусий секторга катта имкониятларнинг тақдим этилиши натижасида хусусий олийгоҳлар сони ошди. Қамров даражаси кенгайди. 2030 йилгача бўлган муддатда олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилган бўлиб, табрикда бу масала алоҳида тилга олинди.

 

Олий таълимда фаолият олиб бораётган соҳа ходими сифатида олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, 2024 йилда «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети ва Ўзбекистон Миллий университети «QS World University Rankings» халқаро рейтинг агентлиги томонидан эълон қилиб борилувчи «TOP – 500» олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллагани мени жуда мамнун этди. Бу биз фаолият юритаётган олийгоҳларни ҳам рақобатга чорлаб, уларданда улканроқ ютуқларга эришишга ундайди, шаксиз.

 

Бугун жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиёти олий ўқув юрти битирувчилари олдига янги талабларни қўймоқда. Уларнинг касбий кўникмалари ва малакаси ўқитишнинг илмий асослари, ўзгарувчан иқтисодий шарт-шароитларга мослаша олиш қобилияти, ўз билимларини муттасил бойитиб бориш ва улардан ижодий фойдаланиш қобилиятлари билан белгиланади. Бугунги кунда замонавий мутахассис ўз мақсад, вазифа ва хатти-ҳаракатларини ўзга инсонларнинг мақсад, вазифа ва интилишлари билан мувофиқлаштира олиши лозим.

 

Мамлакатимиз олий таълим тизимида фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш, олий таълим битирувчиларининг рақобатбардошлигини ошириш борасида Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашнинг механизмлари кўрсатиб берилган. Шу билан бирга, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, «корхона – олийгоҳ – илмий тадқиқот» кластер тизимини жорий этишга алоҳида урғу берилган.

 

«Фан – таълим – ишлаб чиқариш» интеграцияси маҳаллий корхоналар ва хорижий рақобатчилар ўртасидаги технологик тафовутни бартараф этиш, соҳага инвестициялар оқимини кўпайтириш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришнинг асосий механизми сифатида хизмат қилиши лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш биз учун катта аҳамият касб этади.

 

Халқаро амалиёт кўпгина ривожланган давлатларда олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш «фан – таълим – ишлаб чиқариш» интеграциясини амалга оширувчи тизимга асослангани, шунингдек, назарий таълимни амалиётга яқинлаштириш, юқори малакали кадрларга эҳтиёжни қондиришга қаратилаётгани билан тавсифланади.

 

Ва албатта, бу жараёнда бизнинг университет ҳам ўзининг ташаббуслари, изланишлари, илмий ютуқлари билан айнан интеграциялашув жараёнига муносиб ҳиссасини қўшади.

 

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат – ижтимоий давлатга хос ёндашув — таълим соҳаси бўйича ҳам Конституциянинг кўпгина моддаларда ўз ифодасини топганини қайд этишни хоҳлардим. Жумладан, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланди. Бу – олий таълимда ҳамиша давлат гранти учун квоталар ажратилади, деганидир.

 

Шу билан бирга, ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олди.

 

Албатта, буларнинг барчаси Асосий Қонунимиз муқаддимасида белгиланганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланишини кафолатлайди.

 

Шунингдек, ёшларимиз масаласига ҳам аҳамият қаратилиб, уларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти эканлиги белгиланди.

 

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан 2025 йилни юртимизда «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили», деб эълон қилиниши, буни байрам табригида яна бир бор таъкидлашида катта маъно бор. Бу йил экологик муаммоларни бартараф этиш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурларни амалга ошириш бу борада қонунчиликни такомиллаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим вазифаларни белгилаб беради ва мамлакатимизнинг халқаро майдонда экологик масалалар бўйича ташаббусларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Давлат раҳбари Мурожаатномаси ҳамда байрам табригида масъулият ва жонкуярлик билан тинчликнинг нақадар зарурлигини яна бир бор улуғлар экан, бу аввало, минтақа хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, дунёда экологик ва техноген фожиалар, қочоқлар муаммолари тобора кучайиб бораётганини алоҳида таъкидлангани барчамизни масъулиятли бўлишга чақиради.

 

Бу каби салбий ҳолатларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатяпмиз. Бундай шароитда юртимизда тинчликни сақлаш, кескин вазиятда кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда шу заминни муқаддас билгувчи барча-барчанинг масъулияти алоҳида қайд этилгани ҳам амалий, ҳам маънавий аҳамиятга эга.

 

Албатта, бундай вазиятга объектив баҳо беришни, унинг барча жиҳатини ватанпарварлик руҳида ҳис этиш ҳамда шунга мос қонунчилик фаолиятини йўлга қўйишни кун тартибимиздаги муҳим вазифага айлантирмоғимиз шарт. Шу билан бирга, кенг жамоатчилик орасида, айниқса, ёшларимиз билан мулоқотлар олиб борганда миллий манфаатларимиз учун нима яхшию нима ёмон эканини англатишимиз зарур.

 

Барчамиз Президентимизнинг янада огоҳ ва ҳушёр бўлиш, сиёсий ирода ва маданиятимизни янги босқичга олиб чиқиш, тинч-тотувликни, халқимиз осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ғоялари атрофида бирлашиб, иш олиб боришимиз керак. Зеро, давлатимиз раҳбари айтганидек,

«Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!».

 

Боймирзаев Каримжон Мирзахмедович,

«University of Business and Science» ректори,

География фанлари доктори, Профессор

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры