Маълумки, 2022-2023 ўқув йилида дарсликлар ижара нархларининг оширилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгандан сўнг Президентнинг тегишли топшириғи билан 500 млрд сўмга яқин маблағ давлат бюджетидан тўлаб берилиб, дарсликлар ижараси бекор қилинганди.
Ўқувчиларга дарсликларни бепул фойдаланишга бериш тизими жорий қилингани сабабли Президентнинг 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сонли фармони билан бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси фаолияти ҳам тугатилди. Унинг барча функциялари эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 2025 йил учун ишлаб чиқилган Бюджетномада эса мактаб дарсликлари ижара тўловини қайта жорий этиш таклифи илгари сурилди.
Жорий йилнинг 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда 2025 йил учун Давлат бюджети Қонун лойиҳаси маъқулланди.
Бўлиб ўтган мажлис муҳокамасида эса мактаб дарсликлари ижара тўловини қайта жорий этиш таклифи қабул қилингани ёки қабул қилинмаганлиги ҳақида аниқ маълумот тилга олинмади.
Шу сабабли, Xalqta’liminfo.uz мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланди. Таҳририят сўровига жавобан вазирлик мулозими мактаб дарсликлари ижара тўловини қайта жорий этиш таклифи қабул қилинмаганлигини маълум қилди.
«Мактаб дарсликларини пуллик қилиш таклифи ўзи аввалдан Давлат бюджети Қонуни лойиҳасида йўқ эди. Бу таклиф фақатгина Бюджетномада тилга олинганди холос», дейди вазирлик мулозими.