Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2–3 ноябрь кунлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан она тили ва адабиёт фанидан миллий тест тизими доирасида имтиҳон ўтказилди.
Ушбу имтиҳон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарори асосида ташкил этилган ва натижаларига кўра абитуриентларга давлат намунасидаги сертификат берилади. Сертификат даражасига мос равишда олий таълимга кириш тестларида максимал ёки табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган айрим тест топшириқлари ҳамда эссе мавзуларининг имтиҳон саволлари билан мувофиқлиги агентлик томонидан ўрганиб чиқилган. БМБА ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, таҳлил жараёнида мазкур ҳолат турли омиллар таъсирида юзага келганлиги маълум бўлгани айтилган.
Тест топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, она тили фанидан лингвистик ва нутқий, адабиёт фанидан бадиий-нутқий компетенцияларни баҳолашга қаратилган. Эссе ёзиш технологияси асосида ёзма саводхонлик баҳоланган бўлиб, мавзулар ўқув дастурларига мос («Гендер тенглиги», «Мактабни битиргач қай йўлдан борган маъқул?», «Олий таълим олиш ёки ишга кириш?» каби мавзулар доирасида) танланган.
Шунингдек, айрим тест саволлари ва эссе мавзулари ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган ҳолатлари кузатилган. Таҳлиллар жараёнида мазкур тест саволларининг айримлари агентлик тест базасига тегишли эмас, аммо имтиҳонларда қайта ишлатилган саволлар бевосита Раш модели илмий-назарий талаблари асосида танлангани таъкидланган. Ушбу модель тест қийинлик даражасининг мутаносиблигини таъминлашга қаратилган.
Она тили (ўзбек) ва адабиёт фани бўйича ўтказилган миллий сертификат имтиҳони натижалари илмий-статистик таҳлили билан Билимни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти (uzbmb.uz) да танишишингиз мумкин.