Нью-Йорк штати Таълим департаменти 2029/2030 ўқув йилига келиб штатдаги барча мактабларда битирув имтиҳонларини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда K12 Dive хабар берди.
Мазкур вақтдан бошлаб мактабни тамомлаш тўғрисидаги ҳужжатлар ўрнига «битирувчи портрети» тақдим этилади. Бу портрет ўқувчининг ўқиш даврида эгаллаган кўникма ва компетенцияларини акс эттирувчи рўйхат сифатида шакллантирилади.
Компетенция — бу маълум бир соҳада самарали ишлаш учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакалар йиғиндиси. Масалан, касбий, ижтимоий, рақамли ёки танқидий фикрлаш каби компетенциялар мавжуд.
Сўнгги йилларда АҚШда «битирувчи портрети» ни ишлаб чиқиш стандарт баҳолаш усулига муқобил ёки уни тўлдирувчи услуб сифатида кенг қўлланилмоқда.
Ушбу методни ишлаб чиққан ташкилотлардан бири Battelle for Kids нодавлат ташкилотининг маълумотларига кўра, модель «тезкор ўзгарувчан ва мураккаб дунёда ўқувчиларнинг муваффақияти учун зарур бўлган узоқ муддатли кўникма ва компетенцияларни аниқлаш» ҳамда ўқувчилар уларга эга эканлигини намойиш қилишни мақсад қилган.
Экспериментлар ва давлат даражасидаги ўзгаришлар
АҚШнинг бешта штатида билимларни баҳолашдан кўра кўникмаларни баҳолаш тизимига ўтиш бўйича эксперимент ўтказилмоқда. Ушбу баҳолаш тизимини ислоҳ қилиш жараёни жамоатчилик муҳокамаси ва тегишли низомларни штатлар даражасида тасдиқлаш орқали амалга оширилади.
Биринчи босқичда штатлар «битирувчи портрети»ни тасдиқлади ва мактаб ўқувчиларида ривожлантирилиши керак бўлган кўникмалар ва қадриятларни белгилади. Улар орасида қуйидагилар устувор ҳисобланади:
– мулоқот қилиш кўникмаси;
– ҳамкорлик қилиш қобилияти;
– қатъиятлилик;
– рақамли саводхонлик;
– танқидий ва ижодий фикрлаш.
Мазкур янги баҳолаш тизимини яратиш, шунингдек, бугунги иш берувчиларнинг ходимларни танлашда эътибор қаратадиган аниқ кўникмаларни баҳолаш тамойилларига мос келади.
Жараён иштирокчилари ва амалга оширишдаги қийинчиликлар
«Битирувчи портрети» ни лойиҳалаш жараёнида — нафақат таълим ташкилотлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари, жумладан, ўқитувчилар, талабалар, сайланган амалдорлар ва мактаб ўқувчилари оилалари ҳам жалб этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, мактаблар учун бундай моделга ўтиш мураккаб вазифа ҳисобланади. Масалан, Нью-Йорк штатида амалдаги битирув имтиҳонларидан воз кечиш учун ўқитувчиларни профессионал қайта тайёрлаш, ўқув дастурларини ўзгартириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш талаб этилади.
Ҳозирги баҳолаш тизимлари ва уларнинг ўрни
Ҳозирги кунда АҚШда юқори синф ўқувчилари умумтаълим битирув имтиҳонлари (ҳар бир фан бўйича) ҳамда коллеж ва университетларга кириш учун АCТ ёки САТ тестларини топширади. Ҳар бир штат мактабни тугатиш учун талаб қилинадиган битирув имтиҳонлари рўйхатини мустақил белгилайди. Масалан, Нью-Йорк штатида ўқувчилар математикадан, табиий фанлардан, ижтимоий фанлардан ва инглиз тилидан Регентс Эхамс деб номланган имтиҳонларни топширишлари керак.
Шу билан бирга, АCТ ва САТ каби стандартлаштирилган тестлар (Ўзбекистоннинг ДТМ имтиҳонларига ўхшаш) АҚШда олий ўқув юртларига киришда мажбурий ҳисобланмайди. Пандемия давридан бошлаб кўплаб университет ва коллежлар ушбу тестлардан воз кечиб, абитуриентларни мактабдаги ютуқлари (портфель) асосида қабул қилишни бошлади. Ҳатто АCТ ва САТ натижаларини қабул қилувчи ОТМлар ҳам танлов жараёнида мактаб ютуқларини, жумладан, ўқувчининг ўртача баҳоси (ГПА), ихтиёрий мураккаб курсларни ўзлаштиришини, танлов ва лойиҳалардаги иштирокини инобатга олади.
Шу тариқа, АҚШда битирув имтиҳонларидан ва олий ўқув юртларига киришда стандарт тестлардан воз кечиш бўйича экспериментал амалиёт кенгаймоқда.