Қорақалпоқ тили — туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб тиллардан; қозоқ ва нўғай тиллари билан биргаликда қипчоқ тилларининг қипчоқ-нўғай гуруҳчасини ташкил этади. Асосан, Қорақалпоғистонда, шунингдек, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қозоғистон ва Туркманистоннинг унга қўшни ҳудудларида, Россия федерацияси ва Афғонистонда тарқалган.
1989 йил 1 декабрь – Қорақалпоғистон тарихидаги муҳим саналардан бири. Айни шу куни Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган.
Қорақалпоқ ёзуви ҳам худди ўзбек ёзуви каби бир неча босқичларни бошидан ўтказган. У 1928 йилгача араб алифбоси асосида ёзилган бўлса, кейин лотин алифбосига ўтди. 1940 – йилда кирилл ёзувига, 1994 йилда эса яна лотин алифбосини қабул қилган.
Бугунги кунда қорақалпоқ тилини янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар ва қўлланмалар, бадиий китоблар нашрдан чиқарилаётгани, илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётганини қайд этиш мумкин.
Бугун Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлди.