Kun.uz хабар қилишича, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан бир гуруҳ мактаб ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга юбориляпти. Ҳокимлик буни президентнинг тегишли топшириғи билан амалга ошираётганини маълум қилган. Аммо топшириқда болаларни армияга дарс ҳисобидан юборилиши белгиланмаган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат назоратга олингани ва ўқувчилар бундай жараёнларга жалб этилмаслиги бўйича кўрсатма берилганини айтган.
Маълумотларга кўра, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Telegramʼдаги расмий каналига 27 ноябрь куни вилоятдаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга жўнатилаётгани акс этган видео юклаган.
Қайд этилишича, ҳудуддаги 20 га яқин умумтаълим мактабларидан юзлаб битирувчи синф ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга бориб қайтишга улгурган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслимбек Иброҳимовнинг Kun.uz га маълум қилишича, 100 та мактабда учрашув ўтказилиб, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ушбу ташаббуси таклиф этилган. Вазияти, дарс соатлари мос келган мактаблар бунга рози бўлган.
Иброҳимовга кўра, айни амалиётнинг натижаси ижобий бўлган, бундан барча – ўқитувчи, ота-она, ёшлар хурсанд.
Унинг қўшимча қилишича, мактаб маъмуриятига тўғри келса, ўқувчи ва ота-оналарга ёқса, бу амалиёт яна давом эттирилади. Бунинг учун ҳокимият тайёр экани, таклифлар берилишини маълум қилди.
«Бундай тадбирлар белгиланган дарс машғулотлари ҳисобидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эмас» – ММТВ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий муносабатига кўра, вазирлик ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлайди, аммо дарс вақтида амалга оширилишини оқламайди.
Эслатма! Жорий йил 15 ноябрда «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори имзоланган. Аммо ҳужжатда 3 кунлик ҳарбий хизмат ҳақида сўз юритилмаган.
Қолаверса, «Жасорат мактаблари»да ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда, ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар олиб борилиши белгиланган. Бироқ бу банд давлат умумтаълим мактабларига тегишли экани қайд этилмаган.