Қозоғистонда 15 ёшли мактаб ўқувчиси лазер ёрдамида космосга энергия узатишга қодир қурилмани ихтиро қилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «24KZ» сайти хабар берган.
Қозоғистоннинг шарқий қисмида жойлашган Абай вилояти Жезкент қишлоғидаги мактаб-лицей ўқувчиси 15 ёшли Нурали Амангелдиев лазер ёрдамида коинотга энергия узатадиган қурилмани лойиҳалаштирди.
У болалигидан электр энергиясини ишлаб чиқариш усуллари мавзусига қизиққан акасини кузатган. Шундаёқ йигитда бу соҳага қизиқиш пайдо бўлган.
Нурали Амангелдиев, 9-синф ўқувчиси:
— Ўша пайтда мен 10 ёшларда эдим. Унинг иссиқлик буғи ёрдамида энергия ишлаб чиқарадиган станцияни қуриш жараёнини кузатиб турдим. Кейин, 3-4 йил ўтгач, лазер ёрдамида энергия ишлаб чиқарадиган станция макетини ўзим йиғишни бошладим. Энди мен буларнинг барчасини такомиллаштирмоқчиман, иссиқлик буғи ёрдамида энергия ишлаб чиқаришни ҳам қўшиб, уни лазер энергияси билан бирлаштиришни хоҳлайман. Иссиқлик буғи (термопара) энергияни лазерга узатади, лазер эса бу энергияни бошқа космик станциялар ва қурилмаларга етказиб беради.
Лойиҳанинг раҳбарлари ўсмирнинг ота-онаси бўлган. Маълум бўлишича, Нуралининг отаси ҳам, онаси ҳам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Улар ўғлининг ихтироси космик технологиялар учун ҳақиқий ютуқка айланиши мумкинлигига ишонч билдиришган. Шунингдек, ушбу қурилмани автоном тарзда ишлатиш ва кундалик ҳаётда қўллаш мумкинлиги билдирилган.
Бу лойиҳа ҳатто чет эллик олимларнинг қизиқишини уйғотди, бу эса Нуралининг онасини жуда хурсанд қилган.
Наталья Елюбаева, информатика ўқитувчиси:
— Биз Москва шаҳридаги физтех ўтказган халқаро танловда қатнашдик. Бу онлайн танлов эди. У ерда ушбу лойиҳа юқори баҳоланди ва болада ушбу лойиҳа устида ишлаш учун янада кўпроқ мотивация пайдо бўлди.
Бундан ташқари, ўқувчининг жамиятга фойда келтирадиган яна бошқа лойиҳалари ҳам бор. Масалан, «Неподкупный Алпамыс» номли ўйин болаларда коррупцияга қарши фикрлашни ривожлантиради. Ўйин жараёнида ўқувчилар доимий равишда танловга дуч келадилар: пора бериш ёки тўғри йўлни танлаш. Ҳар бир босқичда Қонун ва Маъмурий кодекслар моддалари ҳамда Абайнинг «Насиҳат сўзлари» дан иқтибослар берилади. Керакли маълумотларни Нурали отаси билан бирга танлаб олган.
Канат Елюбаев, тарих ва ҳуқуқ ўқитувчиси:
— Декабрь ойида Нурали республика танловида қатнашиб, 1 миллион тенге грантга эга бўлди. Бу маблағ лойиҳани кенгайтириш учун ажратилган. Биз уни яқин кунларда якунлаймиз ва республика даражасида тарқатмоқчимиз. Шунингдек, уни телефон форматига ўгириб, болалар интернетдан осонгина юклаб олиши мумкин бўлишига эришмоқчимиз.
Қайд этиш жоизки, Абай вилоятида 200 га яқин мактаб ўқувчилари тадқиқот лойиҳалари билан шуғулланмоқда. Иқтидорли ёшларнинг илмий ишлари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилган.
Салтанат Заманбаева, Таълим бошқармаси матбуот котиби:
— Яқин кунларда бизда республика тадқиқот лойиҳалари танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. У ўқувчиларнинг тадқиқот кўникмаларини синовдан ўтказиш, уларнинг ижодий қобилиятларини чархлаш ва илмий ишларини тақдим этиш имконини беради.
Ҳозирда Нурали Амангелдиев 9-синфда ўқийди. У мактабни тамомлагандан сўнг, Семей шаҳридаги IT олий колледжга ўқишга кириб, ўз кўникмаларини такомиллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштираётгани таъкидланган.