Бугун Ўзбекистон Республикасининг барча 14 та ҳудудида 1-гуруҳ фанларидан (математика, физика, кимё, биология, информатика) асосий олимпиаданинг III (вилоят) босқичига старт берилди. Олимпиада ўтказилиш саналарини аввалроқ хабар қилган эдик.
Вилоят босқичи 17 та фандан ташкил қилиниб, 4 декабрь кунигача давом этади, бунда 33 минг нафарга яқин 9-10-11-синф ўқувчиларининг иштироки кутилмоқда.
Амалдаги тартиб бўйича асосий олимпиаданинг ИИИ босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар ҳар бир ўрин учун маълум миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:
— 1-ўрин учун БҲМнинг 6 баравари;
— 2-ўрин учун БҲМнинг 4 баравари;
— 3-ўрин учун БҲМнинг 3 баравари
Мазкур босқичда 1-2-3 ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчилари олимпиаданинг Республика босқичида, шунингдек, 1-гуруҳ фанларидан ҳар бир синф бўйича энг яхши натижа қайд этган дастлабки 5 нафар иштирокчи халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасига саралашнинг 1-босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Маълумот ўрнида, бугун, 25 ноябрь куни ўтказиладиган фанлардан назорат турлари бўйича маълумот:
9-синф — Биология — ёзма иш
10-синф — Информатика — дастурлаш
11-синф — Математика, Физика, Кимё — ёзма иш