Нима учун Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди?

Бир ўқувчининг иккинчисига тан жароҳати етказиши, ҳақоратли сўзлар ишлатиши ва бошқа безориликлар бўлгани сабаб ўқувчилар мактаб ҳудудида ўзини хавфсиз ҳис қилмайди.

 

Makroиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг Kun.uz га берган маълумотларига кўра, буллинг турлари орасида товламачилик ўқувчиларнинг академик натижаларига энг катта таъсир қилувчи ҳолат ҳисобланади. Бу математика, ўқиш ва табиий фанлардан оладиган баҳолар пасайишига сабаб бўлиши айтилмоқда. Институт айни муаммога ечим сифатида ўз таклифларини ҳам келтирди.

 

2022 йилда Ўзбекистон мактаблари 15 ёшли халқаро ўқувчиларнинг билимини баҳолаш бўйича дастур – PISA имтиҳонларида илк марта иштирок этиб, 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида эса 80-ўринни эгаллаган. Унда 202 та мактабдан 7 293 нафар ўқувчи иштирок этган.

Ҳозирги дунёда деярли мукаммал ҳисобланган бу дастур доирасида нафақат таълимий кўникмалар, балки бошқа йўналишларда ҳам ўқувчиларга оид кўрсаткичлар, жумладан, болаларнинг қай даражада буллинг ёки зўравонликка учраши ҳам эълон қилинган.

Мактаб бошқарув ходимлари орасида ўтказилган сўровномага кўра, сабабсиз дарс қолдириш (26 фоиз), спиртли ичимликлар ёки тақиқланган дори воситаларини истеъмол қолиш (26 фоиз) ҳамда ўқитувчиларнинг дарсга яхши тайёргарлик кўрмаслиги (25 фоиз) мактабда ўқувчиларнинг таълим олишига жиддий салбий таъсир қилади.

Шунингдек, мактаб муҳитига алоқадор бошқа омиллар, масалан, ўқувчиларнинг бошқа ўқувчиларни қўрқитиши ёки зўравонлик қилиши (20 фоиз) ҳамда ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан жуда қаттиққўл бўлиши (8 фоиз) ҳам таълим жараёнига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги аниқланган.

Мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилиш

Мактабдаги муаммолардан яна уришқоқлик (31 фоиз), бир ўқувчининг иккинчи ўқувчига тан жароҳати етказиши (21 фоиз), ҳақоратли сўзлар ишлатиши (21 фоиз) ва безориликка алоқадор бошқа иллатлар ҳам борлиги аниқланган.

 

Ўқувчилар кўпроқ ўзларини мактаб ҳудудида хавфсиз ҳис этмаслигини айтиб ўтган. Масалан:

 

– йўлак, ошхона, ҳожатхонада – 20 фоиз (IHTT да ўртачаси – 10,1 фоиз, PISA ўртачаси – 12,5 фоиз, Қозоғистон – 14,2 фоиз);

 

– мактабдан уйга қайтиш йўлида – 15 фоиз (IHTT да ўртачаси – 8,5 фоиз, PISA ўртачаси – 10,2 фоиз, Қозоғистон – 13,5 фоиз);

 

– мактабга бориш йўлида – 14 фоиз (IHTT ўртачаси – 8,2 фоиз, PISA ўртачаси –10,1 фоиз, Қозоғистон – 15,6 фоиз);

 

– мактаб синф хонасида – 14 фоиз (IHTT ўртачаси – 6,9 фоиз, PISA ўртачаси – 8,1 фоиз, Қозоғистон – 12,3 фоиз).

Мазкур рақамлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (IHTT), PISA ҳамда Қозоғистоннинг кўрсаткичларидан анча юқори. Таъкидланишича, ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди ва зўравонлик ёки безорилик гувоҳи бўлади дейилади Кун.уз сайтининг махсус материалида.

 

Буллинг ёки зўравонлик кўрсаткичлари – сўровнома

Kun.uz сайтида келтирилган сўровномада ўқувчилар ўртасида қўрқитишлар (19 фоиз), мактаб ҳудудидаги тўполонда жароҳатланишлар (16 фоиз), мактаб буюмларига зарар етказиш (14 фоиз), мактабда безорилар тўдасининг мавжудлиги (9 фоиз), ўқувчининг совуқ қурол билан қуролланганлиги (6 фоиз) каби зўравонлик ва безорилик ҳолатлари кузатилганини кўрсатилган.

Болалар шунингдек, ўқувчиларнинг ёмон гапларни тарқатиши (21 фоиз), бошқа ўқувчилар билан мактаб ҳудудида уришиши (17 фоиз) ва бошқа болалар томонидан маълум бир турдаги дискриминацияга учраши (16 фоиз) каби ҳолатларга йилида камида бир маротаба дуч келган.

Таҳлилда бир ойда бир неча маротаба буллингга дуч келадиган ўқувчилар:

1. Жинслар кесимида ўғил болалар қиз болаларга нисбатан буллингга 3,7 фоиз кўпроқ учраши аниқланган.

Ўғил болалар – 19,1 фоиз

Қизлар – 15,4 фоиз

2. Муҳожир оила фарзандлари эса муҳожир бўлмаган оила фарзандларига қараганда буллингга 13,6 фоиз кўпроқ учраши маълум бўлган.

 

Муҳожир оила фарзанди – 30,6 фоиз

 

Муҳожир бўлмаган оила фарзанди – 17,1 фоиз

3. Мактабнинг жойлашуви бўйича шаҳардаги ўқувчилар, қишлоқдаги ўқувчиларга нисбатан буллингга 3,8 фоиз кўпроқ учраши аниқланган.

Шаҳар ҳудудидагилар – 19,4 фоиз

 

Қишлоқ ҳудудидагилар – 15,6 фоиз

Товламачилик ўқувчиларнинг академик натижаларига жиддий таъсир кўрсатади

 

Makroиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти PISA сўровномаларидан келиб чиқиб баъзи ўрганишларини маълум қилди. Институтнинг репест модели ёрдамида қилинган тадқиқот натижасига кўра, мактабда ўқувчилар орасида юзага келадиган буллинг ҳолатлари уларнинг академик баҳоларига жиддий таъсир ўтказади. Институт буни турли кейслар кесимида кўрсаткичлари билан бўлишган.

Тадқиқот Ўзбекистонда мактаб муҳитидаги омиллар, хусусан, буллинг ва хавфсизлик ўқувчиларнинг таълим олишдаги натижаларига салбий таъсир қилишини кўрсатган. Институтга кўра, хавфсизлик даражасининг пастлиги ва буллинг ўқувчиларнинг математика, ўқиш ва табиий фанлардан натижаларини ёмонлаштиради. Айниқса, товламачилик ва жисмоний тажовуз энг катта салбий таъсир кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, натижалар таълим сифатини ошириш учун мактабларда хавфсиз муҳитни яратиш зарурлигини кўрсатган. Ўзбекистонда буллингни камайтириш учун қуйидагилар таклиф қилинган:

1. Финландия тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги мактабларда буллингга қарши KiVa дастурини амалга ошириш.

 

KiVa дастури Финландияда Турку университети томонидан буллингга қарши ишлаб чиқилган ва илмий асосланган ташаббус бўлиб, Финландия Таълим ва маданият вазирлиги томонидан молиялаштирилади. Унинг самарадорлиги кенг кўламдаги тадқиқотлар ва тасодифий назорат қилинадиган синовлар орқали илмий жиҳатдан тасдиқланган.

2. Италиянинг «Но Трап!» номли буллинг ва кибербуллингга қарши дастурини Ўзбекистон учун жорий этиш.

 

Но Трап! (Нонcадиамоинтраппола!) дастури Италияда ўрта ва юқори мактаб ўқувчилари ўртасида буллинг ва кибербуллингнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган ташаббусдир. 2008 йилда ишлаб чиқилган ушбу дастур тенгдошлар томонидан бошқариладиган ёндашувни қўллаб, мактабда ижобий муҳит яратишни мақсад қилиб қўйган.

Бундан ташқари, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг кучга кириши Ўзбекистонда болаларни улар дуч келадиган ҳар қандай турдаги зўравонликдан ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қонунда болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари – ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар ҳам эътироф этилган.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры