«Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1-центабрдан бошлаб:
– болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган битирувчиларга «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади;
– маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасаларнинг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларини ўрганган мусиқа йўналиши битирувчиларига мактабларда мусиқа маданияти фанини ўқитишга рухсат берилади.
Бунда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига миллий чолғу асбобларидан камида 1 тасини ижро этиш кўникмасига эга бўлиш талаби қўйилади.
Маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг битирув олди амалиёти келишув асосида мактабларда ташкил этилади.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб маданият йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида психология ва педагогика фанларини ўқитиш амалиётини жорий қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими ва Маданият вазирликлари ҳамкорлигида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Турон» мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиб, жамоалар ўртасида «Иқтидор мактаб ансамбли» республика танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказилиши белгиланди.
Бунда:
– танлов ҳар йили миллий ва жаҳон мусиқаси йўналишлари бўйича мактабларнинг бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида ўтказилади;
– танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
Танловнинг республика босқичини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;
Жумладан, икки ой муддатда:
– мактабларда дарсдан ташқари ташкил этилган «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоалари учун 7 турдаги миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишни ўргатиш бўйича қўшимча адабиётлар, ноталар ва видеодарслар ишлаб чиқиш;
– туман (шаҳар)ларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда миллий ва замонавий чолғу ансамблларининг ҳисобот концертлари буджетдан ташқари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан йўлга қўйилишини таъминласин;ҳар йили маданият ва санъат йўналишлари бўйича нуфузли халқаро ва республика танловлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш;
– болалар мусиқа ва санъат мактаблари мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиш бўйича таянч таълим муассасалари сифатида белгиланиши қарорда келтирилган.