Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра;
2025 йил 1 мартдан бошлаб:
-мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назарий ва амалий таълим асосида малака ошириш тизими йўлга қўйилади;
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
– Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатганлиги тўғрисида умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган битирувчиларга «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади;
2025-2026-ўқув йилига қадар:
– мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади;
2025 йил 1 апрелдан бошлаб:
– «Турон мактаб театри»нинг ижобий тажрибаси асосида мактабларда «Иқтидор» ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил этилиб, жамоалар ўртасида «Иқтидор мактаб ансамбли» республика танлови ўтказилади. Танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ:
– мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиш бўйича Болалар мусиқа ва санъат мактаблари таянч сифатида белгиланади;
– Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиб боради;
– мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига 2 босқичда тоифа бериш тартиби ишлаб чиқилади ва биринчи босқич (тест жараёнлари) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, иккинчи босқич (амалий (ижодий) имтиҳон Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилади.