Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида«ги низомнинг 18-бандига кўра, алоҳида ҳолларда халқ таълими муассасаларида ходимнинг розилиги билан касблар (лавозимлар)ни бирга қўшиб олиб боришга, шунингдек ўзининг асосий иши билан биргаликда ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажаришга йўл қўйилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида«ги низомнинг 25-банди мазмунига кўра, агар ходим бир нечта вазифани бажараётган ёки хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтирган бўлса, унга бу қўшимча ишлар учун асосий маошининг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши лозим.
Аммо мазкур низомнинг 26-бандида бюджет ташкилотларида бир неча касбда ва лавозимда ишлаётганлик учун қўшимча ҳақ шундай касб ва лавозимдаги иш асосий иш бўйича меҳнат мажбуриятларига киритилган ҳолларда белгиланмаслиги назарда тутилган. (Бу қоидалар Меҳнат кодексида ҳам мавжуд)
Энди ушбу вазиятда директор вазифасини бирга қўшиб олиб бораётган ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг меҳнат мажбуриятларида директор йўқлигида унинг вазифаларини бажариш мажбурияти юкланганми ёки йўқ, мана шуни билиб олишимиз керак бўлади.
Маълумки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 16 октябрдаги 334-сонли буйруғига 43-иловаси билан умумий ўрта таълим мактаби (мактаб-интернат) ходимларининг лавозим йўриқномаси тасдиқланган.
Унга кўра ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари директор меҳнат таътили, касаллик варақасига чиққан ҳамда малака оширишга кетган вақтларда унинг лавозим мажбуриятларини бажариш вазифаси юклатилган. Яъни, агар мактаб директори меҳнат таътили, касаллик варақасига чиққан ёки малака оширишга кетган бўлса ва унинг вазифасини ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бажараётган бўлса, унга қўшимча иш ҳақи тўлаб берилмайди.
Манба: Xalq Ta’limi Info