Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 14 октябрдаги 28-сон, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2024 йил 12 ноябрда рўйхатдан ўтган қарорига мувофиқ, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида педагог ходимлар иш фаолиятининг вақт меъёрлари тасдиқланди.
Ҳужжатнинг 1-бобига кўра, ўрта махсус таълим муассасалари педагог ходимларининг ўқув йили бўйича ўқув юкламасининг соатлардаги ҳажми мазкур параграфда белгиланган вақт меъёрларидан келиб чиқиб, педагог ходимларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида ҳисобланади;
– ўрта махсус таълим муассасалари педагог ходимларининг эгаллаб турган лавозимлари бўйича ўқув юкламаси ҳажми ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг таклифига мувофиқ ўрта махсус таълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади;
– ўрта махсус таълим муассасалари педагог ходимларининг аудиториядаги ва аудиториядан ташқари ўқув ишлари юкламасининг 1 (бир) ставка миқдори 1 000 соат этиб белгиланади;
– ўрта махсус таълим муассасалари педагог ходимларининг ўқув юкламаси ҳажми кафедра йиғилишининг таклифига асосан ўрта махсус таълим муассасаси педагогик кенгашининг қарори билан 30 фоизгача ўзгартирилиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳар бир ўқувчи учун:
– оралиқ назоратни баҳолашда – 0,2 соат;
– якуний назоратни баҳолашда –0,3 соат;
– қолдирилган (ўзлаштирилмаган)дарсларни қайта топширишни қабул қилишда – 0,3 соат.
Ўқувчи қолдирган (ўзлаштирмаган) дарсларининг қайта топширилишини қабул қилишда бир ўқув семестри давомида бир педагог ходимга кўпи билан 20 соат берилади.