Хорижий тил ўқитувчилари иш фаолиятини давом эттириш ёки янги ишга жойлашиш учун қуйидаги сертификатлардан бирига эга бўлиши талаб этилади.
2024/2025-ўқув йилига қадар барча хорижий тил ўқитувчилари Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг 2024 йил 29 майдаги №3515-сон қарорига мувофиқ 1-иловада келтирилган миллий ёки халқаро сертификатлардан камида B2 даражасига эга бўлишлари зарур.
2021 йилдаги қарор билан солиштирганда, қуйидаги сертификатлар энди қабул қилинмайди:
-APTIS for Teachers
-Linguaskill
-Test of English for International Communication (TOEIC)
Агар ўқитувчилар янги қарор кучга киришидан олдин (2024 йил 29 майга қадар) юқоридаги рўйхатдан чиқарилган сертификатлардан бирини олган бўлсалар, сертификат амал қилиш муддатига қадар имтиёз ва устамалардан фойдаланишлари мумкин. Амал қилиш муддати чекланмаган сертификатлар учун эса олинган санадан бошлаб уч йил ичида бу имтиёзлар қўлланилади.
Қуйидаги сертификатлар хорижий тилни билиш даражасини эмас, балки хорижий тиллар бўйича педагогик малака ва кўникмаларни тасдиқлайди:
-Teaching Knowledge Test (TKT)
-Teaching English for Speakers of Other Languages (TESOL)
-Teaching English as a Foreign Language (TEFL)
-Teaching English as a Second Language (TECL)
-Certificate in English Language Teaching to Adults (CELTA)
-Diploma in Teaching English to Speakers of Other Languages (DELTA)
Шунинг учун улар сертификатлар рўйхатига киритилмаган. 2024 йил 29 майдан бошлаб фақат янги қарорда кўрсатилган сертификатлар қабул қилинади.
Таъкидлаш жоизки, халқаро ташкилотларнинг расмий рўйхатига киритилган ваколатли тест марказларига ташриф буюрилмаган ҳолда ёки масофавий (Remote, Home Edition ва бошқа) тарзда топширилган сертификатларга имтиёз ва устамалар берилмайди.
Янги қарорнинг 3-бобида педагоглар учун ишга кириш ва устама олишда эътироф этиладиган чет тили сертификатлари рўйхати алоҳида белгиланган бўлиб, ушбу рўйхат фақат қисман фарқланади.