Педагог ходимларга узайтирилган меҳнат таътиллари Меҳнат кодексининг 216-моддасига мувофиқ асосий ва қўшимча таътиллар сифатида белгиланади. Бу кодекснинг 217-моддасига кўра, ҳар йилги асосий меҳнат таътилининг минимал давомийлиги 21 календарь кунни ташкил қилади. Шу билан бирга, 218 ва 501-моддалар асосида педагогларга узайтирилган меҳнат таътили тақдим этилади.
2023 йил 26 июндаги Вазирлар Маҳкамасининг 263-сонли қарори иловасига кўра, давлат мактабгача таълим муассасаларининг ўқитувчилари, ўқитувчи-логопедлар, ва ўқитувчи-дефектологлар учун йиллик узайтирилган таътил 56 календарь кунини ташкил этади.
Агар ходим 12 ой давомида ишламаган бўлса, таътил пули фақат ишланган даврга кўра ҳисобланади. Масалан, сентябрь ойида ишга кирган ходимга 9 ой учун таътил пули берилади. Меҳнат кодексининг 233-моддаси ҳар йилги таътил даврида ходимнинг ўртача иш ҳақини сақланишини кафолатлайди, ва бу ҳисоб-китоб даври ходимнинг охирги 12 ойлик даромадига боғлиқ бўлади (257-модда).
Ходим 12 ойдан ортиқ ишлаган бўлса, унинг ўртача ойлик иш ҳақи таътилга чиқишдан олдинги 12 ойдаги барча тўловларнинг йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Агар 12 ойдан кам муддат ишлаган бўлса, ишланган давр учун тўланган маблағ асосида ўртача иш ҳақи ҳисобланади ва шу миқдорда таътил пули тўланади.