Ходимларни байрамларда рағбатлантириш ташкилотнинг меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига боғлиқ.
Меҳнат кодексининг қуйида келтирилган айрим моддаларида ходимларни рағбатлантиришга оид тартиблар белгиланган:
– 24-моддасига кўра, иш берувчи ходимларни ҳалол самарали меҳнати учун рағбатлантириш ҳуқуқига эга;
– 299-моддасига кўра, ишдаги ютуқлар учун ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин. Рағбатлантириш турлари, уларни қўллаш тартиби жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички меҳнат тартиби қоидалари ҳамда меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва меҳнат шартномасида белгиланади;
– 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин. 12-моддасида эса, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборатлиги келтирилган:
– жамоа келишувлари;
– жамоа шартномалари;
– иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.
Эслатма! Агар ташкилотнинг ички ҳужжатларида фақат Меҳнат кодексининг 208-моддасида назарда тутилган, 9 та ишланмайдиган байрам кунидагина ходимларни мукофотлаш назарда тутилган бўлса, иш берувчи гарчи ички локал ҳужжатларда назарда тутилмаган бўлсада, ходимларни рағбатлантириши мумкин.
Чунки, юқорида келтирилганидек, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар — буйруқлар, фармойишлар, қарорлар ҳам меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Буджет ташкилотлари ҳам ўзларининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларни 11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан мукофотлашлари мумкин!