Мактаб таълимини ривожлантиришга доир долзарб масалалар юзасидан халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Менежмент ва замонавий технологиялар университети (UMFT) билан ҳамкорликда «Янги тараққиёт босқичида мактаб таълимини ривожлантириш стратегиялари: чақириқлар, муаммолар, тадқиқотлар ва ечимлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

 

Конференциянинг мақсади – дунё бўйлаб тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва таълимга алоқадор экспертлар билан ўзаро билим ва тажриба алмашиш ҳамда умумий ўрта таълим соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар ва долзарб муаммоларни муҳокама қилиш орқали таклиф ва ечимларни амалиётга жорий этишдан иборат.

 

Тадбирнинг очилиш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Таълимни ривожлантириш маркази директори в.в.б. Юлия Рисюкова, ЮНEСКО Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади, ЮНИСEФ Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Геоффрей Ижумба сўзга чиқиб ушбу конференция таълим соҳасидаги янги ғоялар учун муҳим майдон вазифасини бажаришини ва ислоҳотларни янада такомиллаштириш учун илмий асос яратишини таъкидлади.

 

Конференцияга 100 нафардан ортиқ халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ва институтлардан экспертлар таклиф этилган. Жумладан, Нидерландиянинг Гронинген университети профессори, Шанхайнинг ЮНEСКО Ўқитувчиларни тайёрлаш маркази директор ўринбосари, Global New Energy Академиясининг асосчиси ва бош директори, Таиланд Қироллиги таълим вазирлиги кенгаши аъзоси Стар Хин Ниэ, Сингапур Нанянг Технология Университети профессори, Шанхайнинг Эдтеч компанияси вакили, Шанхайдаги Веллингтон коллежи директори, ЮНИСEФ ташкилоти эксперти ўз маърузалари билан таълимдаги замонавий тенденциялар ва уларни амалиётга татбиқ этишдаги тажрибалар ва ечимлар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Шу билан биргаликда, маҳаллий мутахассислар сифатида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ректори, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотлари ректорлари ва профессорлари ҳамда мактаб директорлари тақдимот қилиш билан биргаликда, муҳокамаларда иштирок этишди.

Конференция қуйидаги уч асосий қисмга бўлинган ҳолда ташкил этилди:

– таълим соҳасидаги экспертларнинг офлайн ва онлайн маърузалар;

– педагогик кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ муҳокамалар;

–давлат ва нодавлат мактаблар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари билан боғлиқ ёндашувлар муҳокамаси.

 

Конференция давомида Таълимни ривожлантириш маркази томонидан илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган «PISA ва TIMSS тадқиқотларига тайёргарлик (1-тўплам): Математик саводхонликни ривожлантириш бўйича топшириқлар тўплами» тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Ушбу тўпламдан математика фани ўқитувчилари, ментор-ўқитувчилар ҳамда 5-11-синф ўқувчилари фойдаланиши мумкин бўлиб, у ўқувчиларнинг математик саводхонлигини ривожлантириш, шунингдек, ўқитувчиларнинг «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожлантириш соати» доирасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган амалий топшириқларни ўз ичига олади.

 

Шунингдек, ушбу конференцияда иштирок этиш учун юборилган илмий-ишланмалар орасидан энг долзарб мавзуларга бағишланган 40 дан ортиқ мақолалар тўплам кўринишида чоп этилди.

Таъкидлаш лозимки, конференция давомида халқаро тажриба асосида педагогларни қўллаб-қувватлаш, инновацион технологиялар ёрдамида дарс жараёнларини такомиллаштириш, ҳамда Ўзбекистонда таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган илмий-методик тавсиялар ишлаб чиқилади.

 

Мазкур анжуман таълим тизимининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ҳамда самарали ечимларни таклиф этишга хизмат қилади. Натижада, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб, Ўзбекистон таълим тизимининг глобал стандартларга мослашишига замин яратади.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры