2024 йил 1 ноябрь куни Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактаб ўқувчилари куз-қиш мавсуми учун мактаб деразаларига целлофан қоқиб, ўзлари таъмирлаётгани айтилган.
Ҳолат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат берган.
«Хабарингиз бор, бугун ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактаб ўқувчилари куз-қиш мавсуми учун мактаб деразаларига целлофан қоқиб, ўзлари таъмирлаётгани акс этган видеолавҳа тарқатилди. Ҳолат Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, қуйидагилар аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича видеолавҳадаги ўқувчилар, уларнинг синф раҳбари ҳамда ишчи ходимлар билан суҳбатлашилди.
Суҳбат давомида ушбу воқеа жорий йил 1 ноябрь куни содир бўлганлиги, мактабнинг ёғоч дераза ойналари ромларини целлофан билан қоплаш ишларини аслида мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари ишчи хизматчилар билан биргаликда бажарганлиги, улар тушликка кетган вақтида эса шу мактабнинг 5-синф ўқувчилари Ж.Ж, А.С ва А.З лар дастгоҳнинг устига чиқиб дераза ромига плёнка қоқишга ҳаракат қилганликлари ва бу ҳолат яна бир ўқувчи томонидан тасвирга олинганлиги маълум бўлди.
Ишчи гуруҳ томонидан мактаб директорига ўқувчиларнинг хавфсизлиги таъминлаши, келгусида улар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактабда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишларини қаттиқ назоратга олиши лозимлиги юзасидан огоҳлантирилди», — дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир йил муқаддам, 2023 йилнинг октябрь ойида айнан шу мактабнинг 9-синф ўқувчилари шоли даласида ишлатилган эди.