Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Бюджетномага кўра, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясидан келиб чиқиб, ўрта муддатли даврда таълим ва фан соҳасида бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш учун Давлат буджетидан маблағлар йўналтириш кўзда тутилган.
Жумладан:
– мактабгача таълимдаги қамров даражасини 80 фоизга етказиш, жумладан, мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш орқали қамраб олинган болаларнинг нодавлат МТТларидаги қамровини 45 фоизга етказиш;
– ДХШ шаклидаги нодавлат боғчаларга давлат томонидан болаларни имтиёзли шартларда қабул қилиш бўйича ўрнатилган мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш орқали улар даромадларини ошириш;
– давлат МТТларини компьютер синфи билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларда бошланғич компьютер саводхонлиги кўникмаларини шакллантириш;
– МТТ ва умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлашнинг 5 йиллик дастурини қабул қилиш;
– умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув ўринларини яратиш, шу жумладан, ушбу йўналишга хусусий секторни кенг жалб қилиш;
– умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни тўлиқ янгилаш;
– олий таълим билан қамраб олиш даражасини жами битирувчилар сонига нисбатан 50 фоизга етказиш;
– 69 олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шароитлар яратиш.
«2025 йилда таълим ва фан соҳаси учун 86,6 трлн сўм (2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 18,2 фоиз кўп) ёки Давлат буджети харажатларининг 25,1 фоизи миқдоридаги маблағлар режалаштирилмоқда», – дейилган Бюджетномада.
2026-2027 йилларда ушбу соҳаларга тегишинча 101,2 трлн сўм ва 115,7 трлн сўм маблағлар йўналтириш кўзда тутилган.