Ўзбекистонда 2025 йилда қайси давлат идораси бюджетдан қанча маблағ олиши кутилаётгани эълон қилинди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва Бюджетномада келтирилган.
Унга кўра, мамлакатнинг 18 та вазирлигига жами 195 трлн 763 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда. Рўйхатда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига йўналтирилган маблағлар бўйича маълумот берилмаган. Бу маълумот анъанавий равишда бошқа ташкилотлар оладиган жами маблағга қўшиб кўрсатилган.
2025 йил учун вазирлик ва идорадалардаги жорий харажатлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун қўйилмалар белгиланган.
Ушбу қонун лойиҳасида таълим соҳаси учун қуйидагича маблағ ажратилиши белгиланган:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — 59,5 трлн сўм
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — 6,6 трлн сўм
Эслатма! 2024 йилги Буджетномага кўра, таълим соҳасига қуйидагича маблағ ажратилиши белгиланган эди:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — 46 трлн 647 млрд 414,5 млн сўм;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — 6 трлн 130 млрд 330 млн сўм.