Бир ҳафта аввал, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умрова «Йил ўқитувчиси» танлови қандай бўлиши кераклиги ҳақида педагоглардан фикр беришлари учун мурожаат билан чиққан эди.
Бугун, вазир Ҳилола Умарова телеграмдаги саҳифасида мурожаат ботга мингдан ортиқ таклифлар келганлиги, ҳалиям келишда давом этаётганлиги ҳақида хабар берди. Шунингдек, эътиборга тушган бир қанча таклифларни ҳам келтириб ўтган.
Қуйида, педагоглар томонидан юборилган бир қанча таклифларни кўришингиз мумкин:
– Танловни онлайн тест шаклида ўтказиш адолатли бўлади, худди тоифа тест синовидагидек. Натижалар ҳам ўша вақтдаёқ чиқса номзодларда ортиқча саволлар қолмайди. Назорат ҳам тоифа тест синовидагидек ташкиллаштирилса, менимча, шаффоф ва адолати бўлади.
– Алоҳида платформа яратилиши керак. Тест ҳам, олдинги натижалар ҳам платформага жойланиши керак. Танловни платформа ўтказиши керак. Очиқ дарсларни интернет ва телеканаллар орқали онлайн трансляция қилиш керак.
– 2016 йил «Йил ўқитувчиси» танловида қатнашганман. Ўшанда нотаниш мактабда дарс бериб, педагогик маҳоратимизни кўрсатган эдик. Пандемиядан кейин эса интернетда овоз тўплаш «мода»га айланди. Менимча, биз мусобақани ўтказишнинг ўша «жонли» шаклини қайтаришимиз керак.
– Ҳужжатбозлик кам бўлишини сўрамоқчиман, масалан тестми тестга бориб ечиб келиш керак, иш стажи неча йил, тоифаси неччи, мактаб директоридан тавсифнома каби ортиқча ҳужжатлар талаб қилманглар, илтимос.
– Ўқитувчиларни ҳар томонлама баҳолаш учун терма синф тузиб ушбу синфга дарс ўтишларини айтиш ҳамда энг сўнггида қайси ўқитувчи сифатли билим берганлигини аниқлаш учун ўқувчиларни суҳбат ва тест қилиш керак.
– Таълим соҳасида ҳақиқатан ҳам фидойи устозларни танлаб олишда жамоатчилик фикри инобатга олиниши лозим. Коррупцияни олдини олиш учун мустақил экспертлар тарафидан ҳар бир номзоднинг йиллар давомида халқ таълимини ривожлантиришга қўшган ҳиссалари ўрганиб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда номзодлар тарафидан маълумотларни яшириш ёки бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланса, уларга ва мактаб маъмуриятига қатъий чора кўриш лозим.
– Республика босқичини телевидение орқали савол-жавоб тарзида ўтказиш керак ва ҳар босқичда бошқа-бошқа ҳакамлар ҳайъати бўлсин.
– Ўқитувчининг стажи аҳамиятсиз қилиб қўйиш керак. Чунки шундай ёшларимиз бор шижоатга тўла, педагогик маҳорати ҳам жуда зўр, ҳаттоки 20 йиллик стажга эга педагоглардан ҳам яхшироқ натижалар кўрсата олади. Ўқитувчининг унвонлари ҳам асосий жиҳат қилиб кўрсатилмаслиги керак.
– Мен танловда фақат ўқитувчини ўзини эмас, ўқувчиларини натижаларни ҳам ўрганиш, натижалар асосида маълум бир балл қўйишни таклиф қилмоқчиман, чунки ҳар бир дарахтни мевасига қараб баҳо берилади, ўзи қанчалик кўркам бўлмасин, яхши мева бермаса, у қадрли бўлмайди.
– Танловда қатнашиш истагида бўлган устозлар маълум муддат оралиғида бирор платформада рўйхатдан ўтишлари, худди вазир устамасидаги каби (қийинлиги ҳам шу даражада) 30 та тест мутахассислик фанидан, 10 та тест педагогик маҳоратдан бўлиб, кейинги босқичга ўтиш балли белгиланиши керак.
– Биринчи босқич тест бўлсин. Тестда 80% дан кам балл олса иккинчи босқичга қўйилмасин. Фан олимпиадасини саволларни каби саволлардан тузилсин. Баҳолаш жараёнига лайк босиш ёки овоз тўплаш каби ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларни қўшмаслик керак.
– «Йил ўқитувчиси» танловида ўқитувчининг эришган ютуқларига қаралса, ихтисослашган мактаб ўқитувчиларида имконияти кўпроқ бўлади. Чунки улар сараланган ўқувчиларга билим беришмоқда. Шунинг учун ўқитувчиларга ўз фани ва методлар бўйича тестлар, топшириқлар берилса адолатлироқ бўлади. Ўз фани бўйича халқаро олимпиадалар даражасидаги топшириқлар берилса нур устига аъло нур.
– Танловга қатнашувчи ўқитувчилар қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъий назар чет тилини билиш талаби қўйилсин, чунки замонавий устоз ўз тилидан ташқари чет тилини ҳам билиши керак. Энг асосийси, бу танловда ўқитувчининг иштирок этиш, этмаслигини мактаб директори ёки юқорида турган шахслар белгиламаслиги керак.
– Аввал тест, кейин тақдимот ва суҳбат энг охирида эссе ёзиш масалан ўқитувчи таълим сифати ва самарадорлиги га қандай ҳисса қўша олади, қандай янгиликлар қилади. Эссе эса дунё тажрибасида бор ва аниқ баҳолаш мезони.
– Ўқитувчига бериладиган саволлар танлов куни республикадан юборилса ҳеч кимни саволни олдиндан олиб тайёрланишига имкон қолмасди ва бу ҳам адолатни таъминлар эди.
– Барча иштирокчилар бир хил талаблар ва мезонлар асосида баҳоланиши керак. Масалан, ўқитувчининг касбий ютуқлари, инновацион методлари ва ўқувчилар билан ишлашдаги самарадорлигига диққат қаратиш мумкин. Мустақил экспертлар гуруҳи танлов жараёнини кузатиб бориши ва нохолисликларни олдини олиш учун мониторинг қилиб бориши керак. Ўқитувчининг жамоатчиликдаги нуфузи, ўқувчилар ва ота-оналар билан муносабатлари ва жамоатчилик ҳаётидаги фаоллигига ҳам эътибор бериш зарур.
– Танлов шартлари қандай бўлишидан қатъий назар, ҳакамлар бошқа тумандан, бошқа вилоятдан бўлиши шарт. Яъни Ғиждувон туманида босқичи бўладиган бўлса, ўқитувчи очиқ дарс ўтадими ёки бирор фанга оид тақдимот тайёрлайдими, уни Ғиждувон туманидагилар эмас, бошқа тумандагилар текширишсин. Ёки танлов иштирокчисининг исм-фамилияси аноним бўлиб турадиган шартлар бўлсин.
– Танлов жараёнида ота-оналар, мутахассислар ва ўқитувчилар ҳамда таълим соҳаси вакиллари ўз фикрларини билдира оладиган тизим бўлиши керак!
– Ўқитувчи чет тили ёки математика, информатика, ўзбек тили фанларидан дарс берса у йил давомида нечта ўқувчини миллий ёки халқаро сертификатга эга қилса айнан шу кўрсаткичи ҳисобига танлов ғолиби деб топилса, бу ҳам мактабга ижобий натижа ҳам ўқувчилар орасидан билимли ва сертификатга эга бўлган ўқувчилар сонини ортишига ҳисса қўшган бўлар эди.