Англиядаги бошланғич мактабларда COVID-19 пандемиясидан кейин бошланғич синфларга келаётган болаларда мулоқот қобилияти сезиларли даражада пасайгани аниқланган. Бу ҳолат болаларнинг мактабда муваффақиятли бўлишига тўсқинлик қилмоқда.
Англия ҳукуматининг таълим ва болалар хизматлари сифатини назорат қилиш учун жавобгар бўлган Офстед ташкилоти ҳисоботига кўра, болалар мулоқот қилиш, тил ва нутқ соҳасидаги қийинчиликлар туфайли дарсларни тушунишда ва дўстлашишда қийналаётганлари кузатилмоқда.
Ташкилот инспекторлари томонидан амалга оширилган текширувларда, CОВИД пандемияси болаларнинг хатти-ҳаракатлари ва ижтимоий кўникмаларига ҳали ҳам таъсир қилаётгани қайд этилган. Мактаб инспекторларини бераётган маълумотларига кўра, бошланғич синфга келган болаларда мулоқот, тил ривожланиши, ўз-ўзини парвариш қилиш кўникмалари ва ҳиссий қийинчиликлар бор.
Ҳисоботда, баъзи мактаблар нутқ, тил ва мулоқотда муаммолари бўлган болалар учун махсус ёрдам кўрсатишни бошлаганликлари таъкидланган. Айниқса, тўрт ёшдан бошлаб қабул қилинадиган ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Ўқитувчилар болаларнинг эҳтиёжларини ифода этиши ва дўст орттириши учун нутқ ва тил ривожланишига кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Офстед ташкилоти бош инспектори Мартин Оливер бошланғич мактабларда эрта ўқиш ва математикани ўргатишда муваффақиятларга эришилаётганини таъкидлаган.
«Бироқ, кўплаб болалар пандемиянинг таъсирини бартараф этишга ҳали ҳам ҳаракат қилмоқда ва ўқитувчилар бу жараёнда қийинчиликларга дуч келмоқда. Мактаблар болаларни таълимга мослаштириш ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун қўшимча чоралар кўриш зарур»— деган у.
Шунингдек, 2023 йил охирида 20 та бошланғич мактабга ташриф асосида тайёрланган маълумотлар асосида пандемиянинг таъсири ёритилган. Унда айрим болалар «асосий билимларни» ўтказиб юборганликлари сабабли, 1-синфнинг асосий ўқув дастурини қўллашда қийинчиликларга дуч келинаётгани қайд этилган.
«Биз 1-синф болаларини кўрдик, улар асосан жим бўлишди ва ўқитувчи ҳар бир болага савол берганда ўзларини четга тортгандек кўрсатишди. Баъзи болалар гапириш учун ўз навбатларини узоқ кутишга тўғри келгани учун таслим бўлганга ўхшарди. Бошқа болалар нима ўргатилаётганини ёки тенгдошлари нима деяётганини тушунмаётганга ўхшарди,» – деган Офстед инспектор.
Ўқитувчилар касаба уюшмалари ўз тенгдошларидан ортда қолиш хавфи остида бўлган болаларга кўпроқ мутахассис ёрдамини таъминлаш учун мактабларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидламоқда. Ўқитувчилар миллий ассоциацияси вакиллари пандемия даврида қолдирилган бошланғич таълим тажрибаларининг таъсири ўқувчиларга қандай таъсир кўрсатганини қайд этишиб, мактаблар учун кўпроқ ресурслар ва ёрдам талаб қилмоқда.
Бундан ташқари, мактабларда ўқувчиларнинг хулқ-атвори нотўғри ўйин ва ўқув фаолияти туфайли ёмонлашгани қайд этилган. Ўйинлар кўпинча ривожланишни қўллаб-қувватламаган ҳолда, фақат болаларни банд қилади. Бу болаларнинг фикрлаш ва мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш имкониятини камайтиради.