Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланиши режалаштирилмоқда. Ҳозирда мамлакатда бундай чеклов 13 ёшгача бўлган болаларга тааллуқлидир. Аввалроқ Австралияда ҳам шу масала муҳокама қилинаётган эди.
Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишга тайёрланмоқда. Энди 15 ёшдан кичик болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат олмайди, деб хабар берди, бош вазир Ёнас Гар Стерега таянган ҳолда The Guardian.
Унинг айтишича, сиёсатчилар болаларни ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентдан ва “алгоритмлар ҳукмронлиги”дан ҳимоя қилишлари керак. Скандинавия давлатида ҳозирда минимал ёш чегараси 13 ёш, аммо тадқиқотлар натижасига кўра, тўққиз ёшли болаларнинг ярмидан кўпи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи ва 11 ёшлиларнинг 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
Сентябрь ойида Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлашини эълон қилганди. Мамлакатда болаларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин. Ҳозирча бу ёш аниқланмаган, лекин бош вазир Энтони Албанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14-16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва ТикТок’дан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда. У минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўради.
Францияда эса 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабларда мобил телефонларни тақиқлаш бўйича синовлар ўтказилмоқда. Агар бу муваффақиятли бўлса, у январь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.
2015 йил охирида Европа Иттифоқи мамлакатларида шунга ўхшаш тақиқни жорий этишга уринишлар бўлган, аммо интернетда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари чеклангани ҳақидаги шикоятлар сабабли лойиҳа амалга ошмаган.